Фарғонада тоға ва жиян наркосавдогарлар қўлга олинди

Bugun 11:251 daqiqa

Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда қариндош бўлган икки нафар шахс йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари билан қўлга олинди. Уларнинг автомашинаси ва яшаш манзилидан жами 5 килограммга яқин «гашиш» моддаси аниқланган.

Фарғонада тоға ва жиян наркосавдогарлар қўлга олинди © Videodan kadr

Фарғона вилоятида наркотик савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Қўқон шаҳрида яшовчи, 2002 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Cobalt» автомашинаси Учкўприк тумани ҳудудида текширилган. Автомашина салонидан 4 килограмм 41 грамм «гашиш» моддаси топилган.

Шунингдек, гумонланувчининг яшаш уйида ўтказилган текширувда яна 867 грамм «гашиш» борлиги аниқланган. Терговга қадар текширув жараёнида ушбу гиёҳвандлик воситалари унинг 1980 йилда туғилган тоғасига тегишли экани маълум бўлиб, у ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, гиёҳвандлик воситалари қўшни республикалардан бири ҳудудидан олиб кирилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур каналнинг бошқа иштирокчилари ва етказиб бериш йўлларини аниқлаш устида иш олиб бормоқда.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси — контрабанда ҳамда 273-моддаси — гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ўтказиш билан боғлиқ жиноятлар бўйича иш қўзғатилди. Уларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid