Фарғонада заҳарланган боғча болаларининг 40 нафари шифохонада қолмоқда

25.02.2026 | 13:342 daqiqa

Фарғонада учта давлат боғчасида заҳарланган 62 боладан 22 нафари соғайиб уйига жавоб берилди, 40 нафари шифохонада қолмоқда.

Фарғонада заҳарланган боғча болаларининг 40 нафари шифохонада қолмоқда

Фарғона шаҳрида овқатдан заҳарланган 62 нафар тарбияланувчидан 40 нафари ҳозирча шифохонада даволанмоқда. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, 25 феврал соат 08:00 ҳолатида 22 нафар бола соғлиғи яхшилангани муносабати билан уйига рухсат этилган.

21 феврал куни шаҳардаги 2, 58 ва 61-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларидан камида 62 нафар бола «алиментар этиологияли ўткир диарея касаллиги» ташхиси билан шифохонага ётқизилган эди. Илгарироқ улардан уч нафари реанимация бўлимига жойлаштирилгани, аҳволи барқарор экани хабар қилинган.

Ҳозирги пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда Фарғона шаҳар болалар шифохонасида даволанаётган болаларнинг аҳволи нисбатан қониқарли деб баҳоланмоқда. Бошқарма маълумотига кўра, кун охирига қадар яна бир неча нафар болани уйига жавоб бериш режалаштирилган.

Ҳолат ортидан МТТ ошхоналари ва озиқ-овқат етказиб берувчи корхонада текширувлар ўтказилган. Лаборатория таҳлиллари учун намуналар олинган бўлиб, натижалар 10 кун ичида жамоатчиликка эълон қилиниши билдирилган. Шу билан бирга, шаҳардаги айрим давлат боғчаларида тарбияланувчилар овқатланиши тўлиқ назоратга олингани таъкидланмоқда.

Воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси — санитарияга оид қонунчиликни бузиш бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Маълум бўлишича, мазкур боғчаларга озиқ-овқат маҳсулотларини Garden Catering Trade компанияси етказиб берган. 2024 йилда компания ҳоким қарори асосида «тажриба» доирасида маҳсулот етказиб бериш ҳуқуқини олган. Очиқ манбаларга кўра, у тендерсиз 100 миллиард сўмдан ортиқ шартномалар имзолаган.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси вазият тўлиқ назоратда эканини билдирмоқда. Тергов ва лаборатория натижалари ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid