Форишда сел: 30 га яқин хонадон сув остида қолди

14.02.2026 | 09:591 daqiqa

Қисқа муддатли кучли ёмғир оқибатида қишлоқ кўчалари ва аҳоли ҳовлиларини сув босди.



14 февраль куни соат 04:53 да Жиззах вилояти Фориш туманида кузатилган кучли ёғингарчилик натижасида Қизилқум маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида сел-суви оқимлари юзага келди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Қизилқум қишлоғининг Эрали кўчасида жойлашган тахминан 30 га яқин аҳоли хонадонларининг ҳовлиси ва томорқаларига сув кирган. Сел оқими қисқа вақт ичида ҳудуд бўйлаб тарқалган.

Вазирлик маълум қилишича, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. Айни пайтда вазият тўлиқ назоратга олинган, тегишли хизматлар жойларда бартараф этиш ишларини олиб бормоқда.

Шунингдек, жума куни тунда кузатилган кучли ёғингарчилик пойтахтда ҳам муаммоларни келтириб чиқарди. Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида сув тўпланиш ҳолатлари қайд этилди.

​Мазкур вазиятни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан барча ободонлаштириш хизматлари ходимлари ва махсус техникалари жалб этилгани маълум қилинди.

Teglar

Mavzuga oid