Форс кўрфази бозорлари тушмоқда

01.03.2026 | 19:402 daqiqa

1 март куни Яқин Шарқдаги савдолар котировкаларнинг кескин пасайиши билан бошланди. Инвесторлар минтақанинг кескин беқарорлашуви сабабли оммавий равишда капитални чиқармоқда.

Форс кўрфази бозорлари тушмоқда

«Reuters»нинг хабар беришича, бозорларни ларзага солган асосий янгилик — Эрон давлат ОАВлари 28 февралдаги ҳужумларда олий раҳбар оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар бўлган.

Гувоҳлар иккинчи кун кетма-кет Дубай ва Доҳа атрофида портлашлар содир бўлгани ҳақида хабар бермоқда. Эроннинг Форс кўрфази шаҳарларидаги АҚШ объектларига берган жавоб зарбалари авиақатнов тизимининг издан чиқишига олиб келди: минтақанинг энг йирик аэропортлари, жумладан Дубай, тўлиқ фаолиятини тўхтатди. Бу сўнгги йилларда фуқаролик авиациясидаги энг жиддий узилишлардан бирига айланди.

Фонд бозорлари реакцияси

Яқин Шарқ бозорлари инвесторларнинг эҳтимолий кенг кўламли урушга муносабатини биринчи бўлиб акс эттирмоқда. 1 март тонги ҳолатига кўра вазият қуйидагича:

Саудия Арабистони: «Saudi Exchange» (Tadawul) индекси 4,6 фоизга тушиб, апрел ойидан бери энг ёмон динамикани кўрсатди. Банк сектори ҳам «қизил зона»да: «Al Rajhi Bank» − 3,3 фоиз, «Saudi National Bank» − 4,5 фоиз, «flynas» акциялари 4,5 фоизга арзонлашди. Шу билан бирга, «Saudi Aramco» акциялари хомашё тақчиллиги бўйича кутилмалар фонида 2,3 фоизга ўсди.

Кувайт: «Boursa Kuwait» савдоларни хавфсизлик чораси сифатида тўлиқ тўхтатди.

Уммон: Мамлакат индекси 1,5 фоизга пасайди.

Баҳрайн: индекс 0,6 фоизга тушди.

Қатар: биржа банк дам олиш куни сабабли ёпиқ.

100 долларлик нефт ва Ҳўрмуз бўғозига таҳдид

Таҳлилчилар бозорларда янада чуқур коррекция ва юқори волатиллик эҳтимоли катта эканини таъкидламоқда. Асосий хавф – Ҳўрмуз бўғози орқали кема қатновининг тўлиқ тўхтаб қолиши. Ушбу стратегик йўлак орқали жаҳон нефт таъминотининг катта қисми ўтади, шунинг учун унинг ёпилиши глобал энергетика бозорига жиддий зарба бўлиши мумкин.

«Геосиёсий таранглик оммавий равишда хавфдан қочишни кучайтирмоқда ва бу барча секторларда нархларга босим ўтказмоқда», – дейди «XTB MENA» катта таҳлилчиси Ҳани Абуагла.

Жаҳон банкларининг реакцияси тезкор бўлди. 28 феврал куни «Barclays» «Brent» маркали нефт бўйича прогнозини кескин ошириб, баррел учун 80 доллардан 100 долларгача кўтарди.

Агар Ҳўрмуз бўғозида ҳаракат чекланса, нефт нархи янада юқори сакраши, инфляция босимининг кучайиши ва глобал бозорларда янги силкинишлар кузатилиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid