Green Card учун 100 минг долларлик гаров жорий этилиши мумкин
Депозит қилинган маблағлар АҚШ фуқаролигини олгандан кейин, барча талаб қилинадиган шартлар бажарилган тақдирда қайтарилади.
© brighttax.comАҚШ маъмурияти Green Card олиш учун ариза топширган айрим хорижий фуқаролар учун мажбурий депозитни жорий этишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Тhe Wall Street Journal» хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, гаров пули тахминан 100 минг долларни ташкил қилиши мумкин, аммо якуний миқдор ҳар бир ҳолат учун алоҳида белгиланади. Вазиятга қараб, у кўрсатилган миқдордан пастроқ ёки юқорироқ бўлиши мумкин.
WSJ таъкидлаганидек, АҚШ Давлат департаменти янги тизимни дастлаб чекланган миқдордаги мамлакатларда синовдан ўтказишни таклиф қилмоқда. Синов дастурига киритилган аниқ мамлакатлар ҳали эълон қилинмаган. Агар кўчиб ўтгандан сўнг, Green Card эгаси ўзини таъминлай олмаса ва ҳукумат ёрдамига муҳтож бўлиб қолса, депозит Америка расмийлари учун молиявий кафолат бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳокама қилинаётган режага кўра, АҚШнинг хориждаги консулликлари орқали ариза топширган яшил карта эгалари иммиграция тасдиқини олишдан олдин белгиланган тўловни тўлаши шарт бўлади. Депозит қилинган маблағлар АҚШ фуқаролигини олгандан кейин, барча талаб қилинадиган шартлар бажарилган тақдирда қайтарилиши мумкин.
Айни пайтда ташаббус муҳокама босқичида ва ҳали расман тасдиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати янги сиёсат жорий этилганини маълум қилганди. Янги тартибга кўра, мамлакатда вақтинча яшаб турган хорижликлар энди фақат истисно ҳолатлардагина АҚШ ҳудудининг ўзида мақомини ўзгартириб, доимий яшаш ҳуқуқини олиши мумкин.





