add

Гуржистон сайловларда хориждан овоз беришни бекор қилди

Bugun 16:15762 daqiqa

Қарорга кўра, чет элдаги фуқаролар овоз бериш учун мамлакатга қайтиши шарт бўлади.

Гуржистон сайловларда хориждан овоз беришни бекор қилди

Гуржистон парламенти сайлов қонунчилигига ўзгартириш киритиб, хорижда овоз бериш амалиётини бекор қилди. Энди мамлакат ташқарисида яшаётган фуқаролар умуммиллий сайловларда фақат Гуржистон ҳудудида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади. Тегишли тузатишлар Сайлов кодексига киритилди ва парламент томонидан маъқулланди.

Янги қоидаларга мувофиқ, хорижий давлатларда сайлов участкалари очилмайди. Бу тартиб маҳаллий кенгашлар ва ҳокимият органлари сайловлари каби, 2028 йилда бўлиб ўтадиган парламент сайловларига ҳам татбиқ этилади. Яъни, барча асосий сайлов жараёнлари фақат мамлакат ичида ташкил этилади.

Парламентнинг ҳуқуқий масалалар қўмитаси раиси ва ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси депутати Арчил Гордуладзенинг таъкидлашича, хорижда яшаётган фуқаролар сайлов куни ватанга қайтиб, ўз овозини бериш имкониятига эга. У мухолифат томонидан билдирилаётган, диаспора сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилинаётгани ҳақидаги иддаоларни асоссиз деб атади.

Ҳокимият вакиллари ушбу қарорни «ташқи аралашув» хавфини камайтириш зарурати билан изоҳламоқда. Парламент спикери Шалва Папуашвилига кўра, хорижда яшаётган фуқаролар ташқи сиёсий муҳит ва бошқа давлатлар таъсири остида қолиши мумкин.

«Хорижий юрисдикция ва сиёсий муҳит таъсири остида бўлган, мамлакат резиденти ҳисобланмайдиган фуқаролар учун алоҳида хавфлар мавжуд, бу ҳолатда давлат аралашувнинг олдини ололмайди. Шунга мувофиқ, сайлов тизимини Гуржистон ҳудудида ташкил этиш сайловларнинг барқарорлигини оширади, «ташқи ўйинчилар» таъсирини камайтиради ва янада адекват, онгли танловни таъминлайди», дея таъкидлади Папуашвили.

Мазкур қарор жамоатчиликда кескин баҳсларга сабаб бўлди. Танқидчилар уни мухолифатни қўллаб-қувватлайдиган асосий қатлам — хориждаги грузин диаспорасига қарши қадам сифатида баҳоламоқда. Сиёсий шарҳловчи Гела Васадзенинг айтишича, ҳукумат бу орқали Молдова тажрибасидагидек, чет элдаги овозлар сайлов натижасини ҳал қилиб қўйишининг олдини олишга уринмоқда. Айни пайтда Гуржистондан ташқарида тахминан 1,5 миллион нафар фуқаро истиқомат қилади.

Teglar

Mavzuga oid