Ҳиндистондан Россияга рекорд миқдордаги мигрантлар борди

23.01.2026 | 14:453 daqiqa

2025 йилда Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун 56,5 минг нафар Ҳиндистон фуқароси таклиф этилган, бу олдинги йилдаги 36,2 мингга нисбатан анча кўп.

Ҳиндистондан Россияга рекорд миқдордаги мигрантлар борди

2025 йилда Россия ҳукумати Ҳиндистон ва Бангладеш фуқароларига охирги тўққиз йил ичидаги энг кўп ишлаш рухсатномаларини берди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги статистикасига таяниб, «Верстка» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун 56,5 минг нафар Ҳиндистон фуқароси таклиф этилган, бу олдинги йилдаги 36,2 мингга нисбатан анча кўп. Бангладешдан эса 2025 йилда 9,3 минг киши ишлаш учун Россияга борган бўлиб, 2024 йилда бу кўрсаткич 2,8 мингни ташкил этган эди. Ҳар икки кўрсаткич ҳам камида 2017 йилдан бери рекорд даражага етди.

«Туркманистон фуқаролари учун ишлаш рухсатномалари сони 2,5 баробардан кўпроққа ошиб, 25 мингтага етди. Ўзбекистон фуқаролари учун бу кўрсаткич беш баробарга ошиб, 2,3 мингтага, Тожикистон фуқаролари учун эса қарийб уч баробарга ошиб, 263 тани ташкил қилди. Шунингдек, Хитой фуқароларига Россияда ишлашга рухсат берилганлар сони тахминан 50 фоизга ошиб, 92 минг нафарга етди. Умуман олганда, 2025 йилда чет эл фуқароларига берилган ишлаш рухсатномалари сони 240 мингтага етди, бу эса 2017 йилдан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бир йил ичида ушбу кўрсаткич қарийб 42 фоизга ўсган», – дейилади хабарда.

2026 йилда ҳукумат Ҳиндистон, Хитой, Малайзия, Бангладеш ва Африка давлатларидан янада кўпроқ меҳнат муҳожирларини жалб этишни режалаштирмоқда. Меҳнат вазирлиги қарорига кўра, улар учун квота 279 минг киши этиб белгиланиши режалаштирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир. Вазирликда тушунтирилишича, 2026 йилда умумий квотанинг 92 фоизи саноат корхоналари ва йирик инфратузилма лойиҳалари учун малакали ишчилар ҳиссасига тўғри келади. Қолган қисми эса оғир меҳнат шароитида ишлайдиган малакаси паст ишчилар, шунингдек, бошқа ходимлар – масалан, ветеринар санитарлар ёки ҳайвонларни парвариш қилиш билан шуғулланувчи ишчилардан иборат бўлади.

Россия бош вазири ўринбосари Денис Мантуров аввалроқ Россия меҳнат кучи етишмовчилигини қоплаш учун Ҳиндистондан исталган миқдорда муҳожирларни қабул қилиш имконига эга эканини билдирган эди. Украинадаги уруш сабабли меҳнат ресурслари танқислиги юзага келди: 300 минг киши сафарбар қилиниб фронтга юборилди, яна тахминан 1 миллион киши Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, жангларда иштирок этиш учун кетди, 600 мингдан 1 миллионгача одам эса мамлакатни тарк этди. Бу эса ишсизлик даражасининг рекорд даражада паст бўлишига олиб келди – ўтган йил ноябрь ойида у 2,1 фоизга тушди. Олий иқтисодиёт мактаби баҳолашича, ҳозир иқтисодиётга 2,6 миллион ишчи етишмаяпти, 2030 йилга бориб эса бу танқислик 3 миллион кишидан ошиб кетиши мумкин.

Деҳлидаги меҳнат билан таъминлаш тузилмалари яқин ойларда камида 40 минг нафар ҳиндистонлик ишчи Россия бозорига кириб бориши, асосий йўналишлар — Москва, Санкт-Петербург ва улар атрофидаги ҳудудлар бўлиб, бу ерларда ишчи кучига талаб энг юқори даражада сақланиб қолаётганини маълум қилганди.

Россия президентининг барқарор ривожланиш соҳасида халқаро ташкилотлар билан алоқалар бўйича махсус вакили Борис Титов ўтган йили Россиянинг «РИА Новости» давлат ахборот агентлигига берган интервюсида 2026 йилда Россияга камида 40 минг нафар Ҳиндистон фуқароси ишга келиши кераклигини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, Ҳиндистоннинг Москвадаги элчиси Винай Кумарнинг агентликка берган изоҳига кўра, 2025 йил якунига келиб Россияда аллақачон 70 мингдан 80 минггача Ҳиндистон фуқаролари меҳнат қилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid