Ҳўрмуз бўғози қайта ёпилди
Эрон АҚШ ва Исроилни келишув шартларини бузишда айблаб, дунё нефть савдосининг муҳим йўлаги ҳисобланган Ҳўрмуз бўғозини кемалар ҳаракати учун ёпишга қарор қилди.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Ҳўрмуз бўғози кемалар ҳаракати учун қайта ёпилганини эълон қилди. Теҳрон бу қарорни АҚШ ва Исроил томонидан сулҳ келишуви шартлари бузилгани билан изоҳламоқда.
Бу воқеа 18 июн куни АҚШ президенти Доналд Трамп ва Эрон президенти Масъуд Пезешкиён ўртасида имзоланган вақтинчалик тинчлик келишувидан бир неча кун ўтиб содир бўлди. Мазкур келишув қарийб тўрт ой давом этган қуролли қарама-қаршиликни тўхтатишни назарда тутган эди.
ИИҚК баёнотида Ҳўрмуз бўғозига яқинлашган кемалар хавф остида қолиши мумкинлиги таъкидланган. Теҳрон Исроилнинг Ливан жанубидаги ҳарбий ҳаракатларини ва Вашингтоннинг келишув бўйича мажбуриятларини бажармаётганини асосий сабаб сифатида келтирмоқда.
Шу билан бир вақтда, Жей Ди Венс яқин кунларда Швейсарияга бориб, Эрон билан музокараларда иштирок этишини маълум қилди. Унинг айтишича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги 14 бандли келишув ҳали ҳам кучда қолмоқда ва Вашингтон Ҳўрмуз бўғози ёпилганини тасдиқловчи далилларни кўрмаган.
Венснинг маълум қилишича, АҚШнинг махсус вакиллари Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф аллақачон Швейсарияда бўлиб, музокараларнинг техник жиҳатларини муҳокама қилмоқда. Эрон ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўз делегацияси музокаралар учун йўлга чиққанини тасдиқлади.
Нефт бозори учун қандай хавф бор?
Ҳўрмуз бўғози дунё нефт ва суюлтирилган газ савдосининг муҳим қисми ўтадиган стратегик йўлак ҳисобланади. Унинг ёпилиши глобал энергия таъминотига босим ўтказиши, нефть нархларини ошириши ва халқаро инфляция хавфини кучайтириши мумкин.





