«Humans» раҳбари ҳам халқаро қидирувга берилди

Bugun 15:373 daqiqa

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда фаолият юритган «Humans» компанияси асосчиси Владимир Добрининни Интерпол орқали халқаро қидирувга берди.

«Humans» раҳбари ҳам халқаро қидирувга берилди

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари «Humans» компанияси асосчиси ва раҳбари Владимир Добрининни халқаро қидирувга берди. Интерпол маълумотлар базасида у «Red Notice» орқали қидирилаётган шахслар рўйхатига киритилган.

Унга нисбатан қимор ва бошқа таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ҳамда ноқонуний даромадларни легаллаштириш айбловлари қўйилган.

Маълумотларга кўра, 52 ёшли Добринин Австрияда туғилган бўлиб, Россия фуқароси ҳисобланади.

«Humans» билан нималар бўлган?

«Humans» Ўзбекистонда катта мақсадлар 2020 йилда кириб келганди. Компаниянинг маркетинг компанияси ва жозибадор хизматлар таклифи сабаб кўпчилик уни финтех бозорининг янги ва ёрқин ўйинчиси сифатида кўра бошлади

Бироқ, ўтган йили ҳаммаси ортга кета бошлади. Марказий банк 2024 йил октабр ойида «Humans»га тегишли «Мароқанд» тўлов ташкилоти («Upay» савдо белгиси) фаолиятини 6 ойга чеклаганди. 

Бунга сабаб қилиб тўлов ташкилотининг қимор ўйинлари учун тўловлар қабул қилинишининг олдини олмагани кўрсатилди. «Humans» «Мароқанд» тўлов ташкилотини 2022 йилда сотиб олганди. 

Ўша пайтдаги «Humans» бош директори Марказий банк қарорини адолат тамойилларига зид деб баҳолади. 

Натижада, бир неча ой давомида фойдаланувчилар учун «Humans» иловаси фаолияти чекланди. «Humans» Visa картасидаги пуллар маълум муддатга музлатиб қўйилди. 

Компаниянинг молиявий аҳволи бу воқеа ортидан жуда ёмонлашди. 2024 йил 200 млрд сўмга яқин катта зарар билан якунланди. Ундан аввалги йилларда «Humans» қисқа вақт ичида фойдага чиқиб олганди. 

Баҳорда Марказий банк «Мароқанд» тўлов ташкилотига нисбатан чекловларни бекор қилди. Бироқ 6 ой ичида катта миқдорда мижозлар йўқотилди ва бу компания таъсир қилишда давом этди. 

Халқаро арбитраж суд

«Humans» бу ҳолатга ҳукумат идораларини айбдор деб ҳисоблади. Биринчи бўлиб Рақобат қўмитасидан «Ўзбектелеком»га қарши монополь сифатида иш очиш сўралди. 

Кейинроқ кўрилган зарарни қоплаш учун Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция низоларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказда (ИCСИД) Ўзбекистонга қарши даъво аризаси киритилди. 

Арбитраж муҳокамасига давлат органлари ва компаниялари, жумладан, Марказий банк ва «Ўзбектелеком» компаниясининг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган. Шу сабаб, Humans бир қатор давлат органларининг ҳаракатлари билан унга етказилган зарарни қоплашни талаб қилган.

Даъво аризасига Марказий банк ҳам, «Ўзбектелеком» ҳам дарҳол ўз муносабатини билдирди. 

Маълум бўлишича, «Humans» 2020 йилдан бери шартнома асосида «Ўзбектелеком» мобил тармоғидан фойдаланиб келган ва шу пайтга қадар 520 млрд сўмлик қарзларни тўламаган. 

Ўша пайтда «Humans» катта эҳтимол судда ютқазиши ёки муросага киришга мажбур бўлиши тахмин қилинганди. Сабаб — Ўзбекистон халқаро арбитражларда ҳеч қачон ютқазмаган. 

Банклардан қарздорлик

Июн ойида «Octobank» ҳам «Humans»ни шартнома шартлари бузилиши ортидан 500 млрд сўмлик қарздорлик туфайли судга берганди. Суд «Humans»га «Octobank» олдидаги қарздорликни қоплаш мажбуриятини юклатган. 

Бироқ суд ҳужжатларида келтирилишича, қарздордан пул маблағларини ундириш имкони бўлмаган. Шундан сўнг 14-октабрда суд «Humans»ни банкрот деб топиш бўйича қарор қабул қилди. 

Бундан ташқари, «Humans»нинг «Asia Alliance Bank»дан ҳам 65 млрд сўм қарзи борлиги маълум бўлди. Банк қарздорлик сабаб судга даъво аризасини киритган. 

Шунингдек, «Humans» компаниясининг «Яндех» олдида 13,3 млн доллар қарздорлиги мавжудлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. 

Собиқ топ-менежернинг ҳибсга олиниши

Июль ойида «Humans»га тегишли «Мароқанд» тўлов ташкилотини 6,5 йилдан ортиқ вақт давомида бошқарган ва «Humans» топ-менежери бўлиб ишлаган Беҳзод Ботиров ҳибсга олинди. 

У Жиноят кодексининг 278-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари — «қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш»да айбланган.

Суд унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаган. Сентябрь ойида суд «терговдан яшириш ва далилларни йўқ қилиш хавфи борлиги»ни асос қилиб, ҳибсга олиш муддатини 2026 йилнинг февралигача узайтирди. Тадбиркорга 7 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Шундай қилиб, «Humans» Ўзбекистон финтех бозоридаги истиқболли ўйинчидан, муаммоли ва охир-оқибат банкрот бўлган компанияга айланди.

Teglar

Mavzuga oid