
HUMO тўққиз ойда 224 млрд сўм, UZCARD эса 930 млрд сўм соф фойда олди
2025 йилнинг январ–сентабр ойларида Ўзбекистондаги етакчи тўлов тизимлари фойда кўрсаткичларини кескин оширди: UZCARD'нинг соф фойдаси 40 фоизга, HUMO'ники эса 88 фоизга ўсган.

Ўзбекистондаги етакчи тўлов тизимлари — UZCARD ва HUMO — 2025 йилнинг январ–сентабр ойларида молиявий натижаларини оширди.
«Миллий банклараро процессинг маркази» АЖ (HUMO) 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 223,9 миллиард сўм соф фойда қайд этди. Компаниянинг молиявий ҳисоботи Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинган бўлиб, фойда миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 87,7 фоизга юқори.
Ҳисоботга кўра, HUMO тўлов тизимининг умумий даромадлари 380,9 миллиард сўмни ташкил этган, бу эса ўтган йилга нисбатан 71,4 фоиз кўпроқдир. Шу билан бирга, компания харажатлари ҳам 138 фоизга ошиб, 61,4 миллиард сўмга етган.
Активлар ҳажми 434,8 миллиард сўмдан 676 миллиард сўмгача ўсган. Устав капиталида эса ўзгариш кузатилмаган — у 155,4 миллиард сўм даражасида қолган.
Фойданинг сезиларли ошишига қарамасдан, HUMO ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,6 миллиард сўмга камроқ даромад солиғи тўлаган — жами 14,4 миллиард сўм. Бу ҳолат компаниянинг 2025 йил 30 апрел куни IT Park резиденти сифатида рўйхатдан ўтиши ва солиқ имтиёзларига эга бўла бошлаши билан изоҳланмоқда.
«Ягона умумреспублика процессинг маркази» АЖ (UZCARD)нинг умумий соф фойдаси эса 929,9 миллиард сўмни ташкил этди, бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40,7 фоиз кўпроқдир.
UZCARD’нинг асосий фаолиятидан олинган даромади 1,52 триллион сўмга етган. Шу билан бирга, компания активлари миқдори 1,03 триллион сўмни ташкил этган, шундан 738,8 миллиард сўми тақсимланмаган фойда сифатида қайд этилган. Капитал ҳажми қарийб 800 миллиард сўмга тенг бўлиб, асосий воситалар 266 миллиард сўмни ташкил қилади.
Ҳисобот даврида дебитор қарздорлик 257 миллиард сўмга етган. Ходимларга бўлган умумий харажатлар 155,5 миллиард сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 101 миллиард сўми ойлик иш ҳақи, 46,8 миллиард сўми мукофотлар учун тўланган. Компанияда 657 нафар ходим фаолият юритгани ҳисобга олинганда, бир нафар ходимга тўғри келган ўртача тўлов 225 миллион сўмга яқин бўлган.
Бошқарув аъзолари — бош директор ва унинг ўринбосарлари ҳамда кузатув кенгаши аъзолари учун жами 21 миллиард сўм мукофот тўланган. Шунингдек, ижрочи орган вазифаларини бажарувчи «UCMG» МЧЖ 9 ой учун 42,1 миллиард сўм ҳақ олган.
Компания IT Park резиденти сифатида қатор солиқ имтиёзларига эга бўлиб, фойда солиғи сифатида 4,4 миллиард сўм тўлаган. Шу билан бирга, UZCARD IT Park учун 27 миллиард сўмлик тўловларни амалга оширган. Ҳисоботда қайд этилишича, компания айрим алоқадор томонларга бозор нархидан паст фоизда кредит берган ва натижада 13,4 миллиард сўм зарарни тан олган.
UZCARD’нинг фойда кўрсаткичи HUMO’никидан тўрт баробар юқори бўлди — HUMO 9 ойда 224 миллиард сўм соф фойда қайд этган эди. Бу рақобат муҳитида икки тўлов тизими фаолиятидаги динамик ўсишни намоён этмоқда.





