Ифтордан кейин қандай маҳсулотларни тановул қилган маъқул?
Мутахассислар рўза очишда шошмаслик, енгил ва мувозанатли таомлардан бошлаш зарурлигини таъкидламоқда.

Рамазон ойида ифторлик пайтида овқатланиш тартибига риоя қилиш организм саломатлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боисдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўза тутган инсонлар учун керакли бўлган бир қатор саволларга жавоб берди.
«Оғиз очиш»дан кейин қандай маҳсулотларни тановул қилган маъқул?
Мутахассислар аввало шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, кейин эса рўзани бир дона хурмо ёки бир-икки дона майиз билан очишни тавсия этади. Шундан сўнг оз миқдорда сув ёки табиий шарбат ичиб, организмни асосий таомга тайёрлаш керак.
Тўғри бошлаш қоидалари
Ифтор дастурхони одатда тўкин бўлади, аммо овқатланишни енгил салатлардан бошлаш мақсадга мувофиқ. Айниқса, майонезли ва оғир ҳазм бўладиган салатлардан эҳтиёт бўлиш зарур.
Суюқ овқатлар, хусусан шўрва, кун давомида сусайган организм учун фойдали. Гўштли маҳсулотлар йўқотилган энергияни тиклашга ёрдам беради.
Қайси егуликларни чеклаш лозим?
Ўта ёғли, шўр, дудланган ва тузламалардан воз кечиш керак. Рангли ичимликлар ва сунъий қўшимчалар ҳам организмга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Тузи кам сузма ёки айрон истеъмоли минерал тузлар мувозанатини сақлашга кўмаклашади. Бу маҳсулотлар кальций ва фосфор алмашинувини қўллаб-қувватлайди.
Кечки овқатдан сўнг имкониятга қараб қисқа масофага яёв юриш тавсия этилади. Бу ҳазм жараёнини енгиллаштиради ва ошқозонга тушадиган юкламани камайтиради.
Мевалар, ширинликлар ва иссиқ чойни асосий овқатдан камида бир соат ўтгач истеъмол қилиш маъқул. Бу қанд миқдорининг кескин ошишини олдини олади.
Мутахассислар ифтор ва саҳарликда мувозанатли рационга амал қилиш орқали организмни толиқтирмаслик мумкинлигини таъкидлайди. Тўғри овқатланиш сурункали касалликлар зўрайишининг олдини олишга ёрдам беради ва Рамазон ойини соғлом ўтказиш имконини беради.





