
ИИВда вазирнинг ўзи масъул бўлган кибержиноятчилик бўйича алоҳида департамент ташкил қилинади
Маълумотларга кўра, айни пайтда кибержиноятлар кундан-кунга кўпайиб, унинг турлари 18 тадан 62 тага етган.
© Фото: president.uz Президент 27 январ куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказаётган видеоселектор йиғилишида кибержиноятлар кундан-кунга кўпайиб, унинг турлари 18 тадан 62 тага етганини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, кибержиноятлар ичида, айниқса, шахсий маълумотларни ўғирлаш, сунъий интеллект орқали овоз ва юз қиёфасини ўхшатиш, зарарли файлларни тарқатиш авж оляпти. Ўзлаштирилган маблағлар криптовалюта шаклида четга чиқарилмоқда.
Президент бундай ҳолатларни тезкор фош этиш ва тўхтатиш учун ҳуқуқ-тартибот ходимлари кибертехнологиялар ва сунъий интеллектни мукаммал эгаллаши лозимлигини қайд этди.
Шу боис, Ички ишлар вазирлигида кибержиноятчилик бўйича алоҳида департамент ташкил қилиниб, унга вазирнинг ўзи масъул бўлиши белгиланди. Адлия вазирлигида ҳам кибержиноятчилик ва рақамли ҳуқуқ бўйича алоҳида бошқарма очилади.





