Икки ҳафталик сулҳ: у кимнинг ғалабаси? | Фикр вақти
Трампнинг кескин баёнотлари ортидан бошланган хавотирли фон бирданига икки ҳафталик оташкесим билан алмашди. Бироқ бу сулҳ барқарор тинчликнинг бошланишими ёки шунчаки вақтинчалик тин олиш — асосий савол очиқлигича қолмоқда. Айниқса Ливандаги бугунги кескинлик ва Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазият келишувни катта хав остида қолдирди.
Сиёсий жараён ва тинчлик масалаларига бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсон 7-апрел тунини хавотир билан ўтказди ёки жиддий ташвишлар билан уйқуга кетди. Ҳар ҳолда АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан 8-апрел эрта тонгда Эронга нисбатан мисли кўрилмаган зарбалар берилиши, бунинг оқибатида эса мамлакатда бутун бир тамаддун йўқ бўлиши мумкинлиги ҳақида билдирилган баёнот вазият ниҳоятда кескин ва қалтис эканини кўрсатарди.
Бироқ кўп ўтмай, 8-апрел тонгига келиб дунёнинг етакчи нашрлари мутлақо бошқа риторикага ўтди — улар икки давлат ўртасида эҳтимолий сулҳ ва 2 ҳафталик оташкесим келишуви ҳақида хабар бера бошлади.
Дарҳақиқат, оташкесимга эришилди. Бироқ бу ҳолатни барқарор тинчлик сифатида баҳолашга эрта. Бу, кўпроқ, глобал хавфсизлик муҳитида тобора қоронғулашиб бораётган вазият фонида пайдо бўлган қисқа муддатли нисбий барқарорлик, холос. Зеро, асосий масала келишув шартлари, унинг ортидаги манфаатлар ҳамда энг муҳими — унинг қай даражада амалга оширилиши билан боғлиқ.
Масалан, айни пайтда Ливанда вазият ўта кескинлашган. Исроил “Ҳизбуллоҳ”га қарши кенг кўламли ҳаво ҳужумлари уюштирмоқда. Фикр вақтиънинг навбатдаги сонида сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Мухтор Назиров билан икки ҳафталик сулҳнинг мазмун-моҳияти, унинг шартлари ҳамда яқин истиқболда кутилаётган эҳтимолий геосиёсий ривожланишлар ҳақида гаплашдик.
Teglar






