Logo

Космосга инвестициялар 100 миллиард доллардан ошиши мумкин

Bugun 19:195 daqiqa

Инвесторлар эътибори космик соҳага тобора кучаймоқда. Технологик ютуқлар йўналишдаги лойиҳаларга муносабатни ўзгартираётган бир пайтда, космос янги иқтисодий майдонга айланмоқда.

Космосга инвестициялар 100 миллиард доллардан ошиши мумкин © TASS

Космик бозор тез ривожланмоқда. Жорий йилда ушбу соҳадаги компанияларга киритиладиган инвестициялар 100 миллиард доллардан ошиши мумкин.

Қайта фойдаланиладиган ракеталар учириш харажатларини камайтирди ва соҳага хусусий компаниялар кириб келди. Энди космос фақат давлатларга тегишли эмас.

Илгари ушбу соҳа учун техникаларни асосан «Boeing» ва «Lockheed Martin» каби йирик аэрокосмик ва мудофаа компаниялари давлат буюртмалари асосида ишлаб чиқарган. Бироқ аср бошидан буён бозорга кўплаб хусусий компаниялар кириб келди.

Бунинг сабаби космоснинг арзонлашганидир. «SpaceX» компаниясининг қайта ишлатиладиган ракеталарни учириш харажатларини бир неча баробар камайтирди. Илгари фақат давлатлар амалга ошира олган лойиҳалар бизнес учун ҳам очиқ бўлди.

«Space Capital» венчур компаниясининг прогнозига кўра, жорий йилда ушбу соҳага киритиладиган инвестициялар илк бор 100 миллиард доллардан ошиши мумкин. Ўсишнинг асосий омили «SpaceX» компаниясининг ёзда ўтказган IPOси ҳисобланади.

Июн ойида Илон Маск компанияси оммавий таклифини жойлаштириб, 75 миллиард доллар жалб қилди. Шундан сўнг компаниянинг қиймати 2 триллион долларга етди.

«SpaceX»нинг рекорд даражадаги IPOсидан кейин инвесторлар бутун космик соҳага янгича назар билан қарай бошлади. «Seraphim» инвестиция компанияси маълумотларига кўра, сўнгги чоракда космик стартаплар қарийб 21 миллиард доллар инвестиция олди. Бу аввалги чоракка нисбатан уч баробар кўп.

Ушбу маблағнинг ярми «SpaceX»нинг асосий рақобатчиси Жефф Безоснинг «Blue Origin» компаниясига йўналтирилди. Компания илк бор ташқи инвестицияларни жалб қилди.

«Blue Origin» портфелида сайёҳлик ва илмий парвозлар учун мўлжалланган, қайта фойдаланиладиган суборбитал «New Shepard» ракетаси, «New Glenn» ракета-ташувчиси ҳамда NASA билан тузилган шартномалар асосида ишлаб чиқилаётган «Blue Moon» номли Ойга қўниш қурилмалар оиласи мавжуд.

«Space Capital» бош директори Чад Андерсоннинг таъкидлашича, бу сўнгги ўн йилликда ракета учириш саноатида юз берган энг яхши воқеа ҳисобланади.

«Бу иккинчи, учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллайдиган компаниялар айнан шундай пайтда пайдо бўлади. Танқислик бозорни қўшимча ечимларни излашга ундайди», — дейди у.

Хўш, нега инвесторлар космик соҳага миллиардлаб доллар киритишга тайёр?

Бунинг бир сабаби геосиёсий вазият. Россия ва Украина, АҚШ ва Эрон ўртасидаги можароларни ўз ичига олган ҳарбий тўқнашувлар дунёдаги беқарорликни кучайтирди. Бу эса кўплаб ҳукуматларни мудофаани устувор йўналишга айлантиришга мажбур қилди.

Ҳукумат шартномаларидан сўнг, хусусий космик компаниялар мудофаа секторига тобора кўпроқ кириб келмоқда. Уларнинг ишланмалари икки мақсадда фойдаланиладиган технологиялар ҳисобланади: улар ҳам бизнесда, ҳам ҳарбий соҳада талабга эга.

«Парчаланган геосиёсий вазият космик мудофаа ва хавфсизликка сарфланадиган маблағларни белгиловчи асосий омилдир. Бунга Яқин Шарқдаги шиддатли можаролар, Жанубий Хитой денгизи, Тинч океани минтақаси, Ҳиндистон яримороли ва Африкадаги кескинлик таъсир кўрсатмоқда», — дейди Космик сиёсат, стратегия ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Саймон Семинари.

Космос замонавий урушнинг ажралмас қисмига айланган. Ҳарбийлар жанг майдонидаги вазиятни кузатиш, кўриниш паст шароитларда ҳаракатланиш ва душман муҳитида хавфсиз алоқани таъминлаш учун космик тизимларга таянади.

Шу сабабли ракеталарни учириш, сунъий йўлдош алоқаси ва Ерни масофадан кузатиш билан шуғулланувчи компанияларга инвестициялар ортмоқда. Шу билан бирга, илмий миссиялар ҳам давом этмоқда. Япония H3 ракетасида Марсга сайёралараро зонд юборди. У Қизил сайёранинг «Phobos»ни ўрганиши ва Ерга камида 10 грамм тупроқ намунасини олиб келиши керак.

Миссияда Франция ва Германия иштирокида яратилган машрут ҳам қатнашади. Шу билан бирга, машрутчи Марснинг иккинчи йўлдоши Деймосни ҳам ўрганади.

Лойиҳа беш йил давом этади, намуналари эса 2031-йилда Ерга қайтиб келиши кутилмоқда. Ҳозиргача бирорта давлат Марснинг ўзидан ёки унинг йўлдошларидан тупроқ намуналарини Ерга олиб келмаган.

Олимлар ушбу намуналар Қуёш тизими қандай шаклланганини тушунишга ёрдам беришига умид қилмоқда. Тадқиқот натижалари келажакдаги экспедициялар учун ҳам фойдали бўлиши кутилмоқда.

«MMX аппаратини Марс томон ҳисобланган траекторияга жуда аниқ жойлаштира олдик ва бутун дунё кузатаётган ушбу тарихий миссиянинг биринчи босқичини H3 ракетасининг энг қудратли конфигурацияси амалга оширганидан хурсандмиз»,— дейди ракета лойиҳаси раҳбари Макото Арита.

Айни пайтда айрим давлатлар Марсга парвозлар учун оғир ракеталар яратаётган бўлса, Европа космик агентлиги ихчам аппаратларни танламоқда. Бундай аппаратлар арзонроқ, ишлаб чиқариш тезроқ ва йирик зондлар етиб бора олмайдиган жойларга ҳам етиб бориши мумкин.

Европа космик агентлиги Ойни ўрганишга қаратилган тўртта кичик миссияни тақдим этди. Улар Ой ресурсларини ўрганади, унинг юзасининг батафсил хариталарини тузади ва келажакдаги экспедицияларга тайёргарлик кўришга ёрдам беради.

2029-йилда Ой юзасида махсус ҳаракатланувчи аппарат ишлаб чиқилмоқчи. Бундан ташқари, агентлик Ернинг табиий йўлдоши юзаси ва орбитасида ишлайдиган илмий асбобларни ҳам тайёрламоқда. Улар Ой тупроғини ўрганиб, сув бўлиши мумкин бўлган ҳудудларни аниқлашга ёрдам беради.

«Ой ресурсларини ўзлаштиришнинг асосий йўналишларидан бири ракета ёқилғиси захираларини яратиш бўлади. Бунинг учун кислород ва водородни суюлтириш талаб этилади. Ойда сув ва муз жуда кўп. Ёқилғи захиралари эса Ерга қайтиш ва ундан узоқроққа парвоз қилиш имконини беради. Бу юкларни етказиб бериш, Ойда транспорт тармоғини яратиш ва охир-оқибат сайёралараро тадқиқотларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очади», — дейди Жонс Хопкинс университетининг физика ва астрономия профессори Жозеф Силк.

Йилнинг охиригача Флорида қирғоқларидан яна бир қатор йирик миссияларни учириш режалаштирилган.

28-октябр куни «Amazon Leo» интернет сунъий йўлдошлари гуруҳининг навбатдаги партияси орбитага учирилади. Ноябр ойининг охирида Falcon 9 юк кемасини Халқаро космик станцияга юборади.

Шунингдек, NASA’нинг Ойга тижорий юк етказиб бериш дастури доирасида иккита хусусий Ой миссияси ҳам навбатда турибди. Бироқ уларни учиришнинг аниқ саналари ҳозирча эълон қилинмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Шандун вилояти қирғоқлари яқинидаги денгиз платформасидан «Samarkand-2028» ва «Lampung-1» гиперспектрал сунъий йўлдошларини муваффақиятли орбитага олиб чиқилгани ҳақида ёзган эдик.

Farangiz Bobojonova

Teglar

Mavzuga oid