add

Интернет тезлиги рекорд ўрнатди: киприк қоқишдан 100 баробар тезроқ

Bugun 09:182 daqiqa

Британия ва Япония олимлари интернет тезлигида янги рекорд ўрнатди — стандарт оптиктолали сим орқали маълумот узатиш сониясига 430 Терабитга етди.

Интернет тезлиги рекорд ўрнатди: киприк қоқишдан 100 баробар тезроқ© Foto: ilsoftware.it

Маълумот узатиш тезлиги бўйича глобал пойгада навбатдаги фантастик марра забт этилди. Буюк Британиядаги Астон университети ва Япониянинг Ахборот-коммуникация технологиялари миллий институти (NICT) олимлари интернет орқали маълумот узатиш тезлигини 430 Tbpsʼга етказишга муваффақ бўлди, деб хабар бемоқда «TechRadar».

Энг муҳим жиҳати — рекорд янги кабеллар ётқизиш ҳисобига эмас, балки бутун дунёда аллақачон қўлланилаётган стандарт оптиктолали инфратузилма орқали қўлга киритилди.

 

Тасаввур қилиш қийин бўлган тезлик

430 Tbps тезлик қандай кўрсаткич эканини англаш учун олимлар оддий мисол келтиради. Масалан, ҳажми тахминан 80 GB бўлган «Battlefield 6» видеоўйинини юклаб олиш:

— одатий «тезкор» уй интернетида (1 Gbps) тахминан 11 дақиқа вақт олади;

— янги технология ёрдамида эса бир миллисекундада юклаб олинади.

Бу инсон бир марта киприк қоқиши учун талаб этиладиган вақтдан 100 баробар тез дегани.

 

Бу қандай амалга оширилди?

430 Tbps тезлик рекорди ушбу илмий гуруҳнинг аввалги натижаси — 402 Tbps  кўрсаткичидан ҳам юқори. Асосий ютуқ мавжуд инфратузилмадан самаралироқ фойдаланиш усули топилганида.

Олимлар кўп жилдли янги кабеллар ўрнига стандарт бир режимли оптиктолали симдан фойдаланди, аммо сигнал узатиш усулини ўзгартирди: аввал маълумот узатишга яроқсиз деб ҳисобланган тўлқин узунликлари ишга солинди. Нур бир вақтнинг ўзида бир неча режимда ҳаракатланишига эришилди.

Натижада олдинги рекордларга нисбатан 20 фоиз кам полоса кенглиги ишлатилиб, кўпроқ маълумот узатилди.

«Биз стандарт оптиктолали кабеллар ўз дастлабки лойиҳасида кўзда тутилганидан анча кўп маълумотни узата олишини исботладик», — дея таъкидлайди тадқиқотчилар.

 

Келажак тармоқлари учун асос

Мутахассисларга кўра, бу натижа 6G ва 7G каби келажак алоқа тармоқлари учун асос бўлади. Сунъий интеллект, дата-марказлар, автоном транспорт ва юқори аниқликдаги рақамли хизматлар учун айнан шундай ултратезкор интернет талаб этилади.

Teglar

Mavzuga oid