«iPhone» ва «iPad» НАТОнинг сирли маълумотларига кириш ҳуқуқини олди
«Apple» компанияси қурилмалари биринчи бўлиб Шимолий Атлантика алянсининг сирли маълумотлари билан ишлашга рухсат олди. Сертификацияни Германия ахборот хавфсизлиги идораси амалга оширди.
© SI asosida yaratilgan«iPhone» ва «iPad» қурилмалари НАТО давлатлари ахборот хавфсизлиги талабларига мос келадиган биринчи истеъмолчи қурилмаларига айланди. Бу қурилмаларга «NATO Restricted» даражасидаги сирли маълумотлар билан махсус дастур ёки қўшимча созламаларсиз ишлаш имконини беради. Бу ҳақда кеча, 26 феврал куни, АҚШнинг «Apple» компанияси эълон қилди.
Пресс-релизда таъкидланишича, бу даражада давлат сертификациясини ҳеч қандай бошқа истеъмолчи мобил қурилма олмаган.
Аввалроқ, «iPhone» ва «iPad» Германия ҳукумати сирли маълумотлари билан ишлашга рухсат олган эди, бу текширув «BSI» (Bundesamt für Sicherheit in der Informationstechnik) мутахассислари томонидан амалга оширилди. Энди «iOS 26» ва «iPadOS 26» версиялари билан ишлаётган «iPhone» ва «iPad» қурилмалари НАТОнинг барча давлатларида шундай мақсадда ишлатилиши мумкин.
«Мобил маҳсулотлар ишлаб чиқишда ахборот хавфсизлиги эътиборга олинмаса, барқарор рақамли трансформация имконсиз. Германиядаги сирли маълумотлар муҳитида «iOS» ва «iPadOS» қурилмалари хавфсизлиги қатъий аудит асосида текширилди ва НАТО талабларига мослиги тасдиқланди», – дея таъкидлаган «BSI» раҳбари Клаудиа Платтнер.
«Apple» учун тарихий босқич
«BSI» сертификацияси доирасида «Apple» қурилмалари техник баҳолаш, тўлиқ тест ва хавфсизлик таҳлилидан ўтди, шу орқали қурилмаларнинг НАТО давлатлари амалиёт талабларига мослиги тасдиқланди. «iOS 26» ва «iPadOS 26» қурилмалари НАТО ахборот хавфсизлиги маҳсулотлари каталогига киритилди.
«Бу ютуқ «Apple»нинг анъанавий хавфсизлик ёндашувини ўзгартирганини кўрсатади. «iPhone» пайдо бўлишидан аввал, ҳимояланган қурилмалар фақат катта давлат ва корпоратив структураларга, катта сармоялар орқали бериладиган махсус ечимлар орқали мавжуд эди», – дейди «Apple» хавфсизлик тизимлари бўйича вице-президенти Иван Крстич.
Унга кўра, «Apple» дунёда энг ҳимояланган қурилмаларни яратган ва бу қурилмалар энди НАТО талаблари бўйича уникал сертификацияга эга – бозордаги ҳеч қандай бошқа қурилмада бундай имконият йўқ.





