Ишлаб чиқувчиларни ҳайратга солган сирли СИ модели: бу «DeepSeek»нинг навбатдаги катта хитими?
«OpenRouter» СИ-платформасида ишлаб чиқувчи ҳақида ҳеч қандай маълумотсиз «Hunter Alpha» деб номланган бепул модел пайдо бўлди. Аноним тизим «DeepSeek»нинг келгуси релизи учун илк синов версияси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирди.

Ўтган ҳафта ишлаб чиқувчилар платформасида аноним тарзда пайдо бўлган кучли сунъий интеллект модели Хитойнинг «DeepSeek» стартапи расмий ишга тушириш олдидан ўзининг янги авлод тизимини яширинча синовдан ўтказаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминларга сабаб бўлди, деб ёзди «Reuters.
«Hunter Alpha» деб номланган бепул модел 11-март куни «OpenRouter» СИ-платформасида ишлаб чиқувчи ҳақида ҳеч қандай маълумотсиз пайдо бўлди ва кейинчалик платформа томонидан «яширин модел» сифатида таърифланди.
«Reuters» томонидан ўтказилган синовлар давомида «Hunter Alpha» чатботи ўзини «асосан хитой тилида ўқитилган хитойлик СИ модели» деб таништирган ва унинг ўқув маълумотлари 2025-йил майигача бўлганини билдирган, бу эса «DeepSeek»нинг ўз чатботида қайд этилган билимлар чегараси билан бир хил. Бироқ яратувчиси ҳақида сўралганда, тизим ишлаб чиқувчини ошкор этишдан бош тортган.
«Мен фақат ўз номимни, параметрлар ҳажмини ва контекст ойнаси узунлигини биламан», – деган чатбот.
Ҳозирча на «DeepSeek», на «OpenRouter» модел яратувчисини маълум қилмаган.
«Hunter Alpha» профилида у 1 триллион параметрли модел сифатида тасвирланган, яъни у тилни қайта ишлаш ва жавоблар яратишни белгилайдиган тахминан бир триллион ўзгарувчан қийматлар асосида ўқитилган. Одатда параметрлари кўпроқ бўлган моделлар ишлаши учун анча катта ҳисоблаш қуввати талаб қилади.
Тизим, шунингдек, 1 миллион токенгача бўлган контекст ойнасини таклиф қилади, бу СИ модели бир мартадаги мулоқот давомида қанча матнни қайта ишлай олиши ёки эслаб қолишини кўрсатадиган ўлчовдир. Токен одатда қисқа матн бўлагига, масалан сўзнинг бир қисмига тўғри келади.
«Энг ажралиб турган жиҳат «Hunter Alpha»нинг 1 миллион токенли контексти, фикрлаш (reasoning) қобилияти ва бепул фойдаланиш имконияти бирлашганидир. Бундай контекст ойнасига эга илғор моделлар одатда катта миқёсда анча қимматга тушади», – деди СИ-агент тизимлари яратувчи муҳандис Набил Ҳаоуам.
Бу хусусиятлар маҳаллий ОАВларда эълон қилинган «DeepSeek»нинг янги авлод «V4» модели ҳақидаги кутилмаларга ўхшайди, Хитой нашрлари уни апрел ойидаёқ ишга туширилиши мумкинлигини хабар қилган. «DeepSeek» кўплаб хитойлик рақобатчилари каби яхши молиялаштирилган, бироқ унинг тузилмаси ноодатий: бош компанияси технологик корпорация эмас, балки квантитатив хеж-фонд ҳисобланади.
Бу ўхшашликлар тўғридан тўғри боғлиқликни исботламаса-да, ишлаб чиқувчилар орасида аноним тизим «DeepSeek»нинг келгуси релизи учун илк синов версияси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирди.
«Фикрлаш жараёни (chain-of-thought) энг кучли сигнал бўлиши мумкин. Фикрлаш услубини яшириш қийин ва у одатда модел қандай ўқитилганини акс эттиради», – деди модел чиққандан кейин таҳлил қилган СИ-муҳандиси Даниэл Девурст.
Унинг айтишича, «Hunter Alpha»нинг ҳажми ва хотира сиғими ҳам йил бошидан бери «DeepSeek» «V4» учун тарқалган техник кўрсаткичларга мос келади.
Шу билан бирга, айрим ишлаб чиқувчилар ушбу моделни «DeepSeek» билан боғлаш учун далиллар етарли эмаслигини таъкидлашди.
«Менинг таҳлилимга кўра, «Hunter Alpha» эҳтимол «DeepSeek V4» эмас», – деди мустақил СИ-бенчмарк синовларини олиб борувчи Умур Озкул токен билан боғлиқ хулқ-атвор ва архитектурадаги фарқларга ишора қилиб.
Унинг қўшимча қилишича, вақт ва эълон қилинган имкониятларни ҳисобга олганда, моделни «DeepSeek» билан боғлашга уринишлар тушунарли.
Ишлаб чиқувчилар синови
Аноним моделларни ишга тушириш ғайриоддий ҳолат эмас, чунки «OpenRouter» каби платформалар ишлаб чиқувчиларга бир интерфейс орқали ўнлаб СИ-моделларга сўров юбориш имконини беради ва янги тизимларни синовдан ўтказиш учун машҳур майдон ҳисобланади.
«Pony Alpha» номли яна бир аноним модел феврал ойида «OpenRouter»да пайдо бўлган эди. Беш кундан сўнг Хитойда ишлаб чиқилган «Zhipu AI» уни ўзининг GLM-5 тизимига тегишли эканини тасдиқлади.
«Hunter Alpha» профил саҳифасидаги билдиришда айтилишича, модель учун барча сўровлар ва жавоблар «таъминотчи томонидан қайд этилади ва моделни яхшилаш учун ишлатилиши мумкин». Бу эса саноатда кенг тарқалган яширин (stealth) модел ишга тушириш орқали холис фикр-мулоҳаза йиғиш амалиётини кўрсатади.
Модел платформада пайдо бўлиши билан тезда оммалашди ва якшанба кунига келиб «OpenRouter» статистикасига кўра 160 миллиарддан ортиқ токенни қайта ишлаган.
Фаолиятнинг катта қисми дастурий таъминот ишлаб чиқиш воситалари ва СИ-агент фреймворклари, масалан «OpenClaw» орқали амалга оширилган. Бу каби тизимлар СИга мустақил равишда вазифаларни режалаштириш ва ташқи дастурлар билан ўзаро алоқа қилиш имконини беради.




