Logo

Италия «Роғун» ГЭС учун 150 миллион доллар ажратмоқчи

Bugun 10:553 daqiqa

Ушбу маблағ тўғоннинг ўнг қисмидаги қурилиш ишларига йўналтирилади.

Италия «Роғун» ГЭС учун 150 миллион доллар ажратмоқчи © khovar.tj

Жаҳон банки гуруҳи ва Италиянинг давлат тараққиёт банки — «Cасса Depositi e Prestiti» (CDP) Тожикистондаги «Роғун» гидроэлектрстанцияси қурилишини молиялаштириш бўйича ҳамкорлик келишувини имзолади. Бу ҳақда CDP ва Жаҳон банкининг Тожикистондаги ваколатхонаси маълум қилди.

Келишувга кўра, Италиянинг Иқлим жамғармаси лойиҳа учун 150 миллион доллар ажратади. Маблағ Италия Атроф-муҳит ва энергетик хавфсизлик вазирлиги номидан CDP томонидан бошқарилади. Ушбу маблағ «Роғун» тўғонининг ўнг қисмидаги қурилиш ишларига йўналтирилади.

«Роғун» ГЭС Жаҳон банки бошчилигидаги 12 та халқаро ривожланиш ҳамкори томонидан молиялаштирилмоқда. CDP ҳам ушбу консорциум таркибига киради. Жаҳон банки маълумотларига кўра, лойиҳа Тожикистоннинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлайди ва Марказий Осиёда экологик тоза энергия бозорини ривожлантиришга хизмат қилади. Банк ушбу лойиҳа учун Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA) орқали 650 миллион доллар грант ажратишни аввалроқ тасдиқлаган.

«Роғун» ГЭС Марказий Осиё энергетикаси учун муҳим лойиҳа

Вахш дарёсида қурилаётган «Роғун» ГЭС Вахш гидроэнергетика тизимининг энг йирик лойиҳаси ҳисобланади. Лойиҳа илк бор совет даврида ишлаб чиқилган бўлса-да, ҳозирги қурилиш ишлари расман 2017-йилда бошланган. Станцияни 2033-йилда тўлиқ фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Унинг қуввати 3780 МВтни ташкил этади.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, станция йилига 14,4 миллиард kWh қайта тикланувчи электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу Тожикистоннинг ҳозирги электр ишлаб чиқариш ҳажмининг қарийб 60 фоизига тенг. Лойиҳа қиш мавсумидаги электр танқислигини камайтириши, қарийб 10 миллион аҳолини ишончли электр билан таъминлаши, 30 мингдан ортиқ тўғридан тўғри ва билвосита иш ўрни яратиши ҳамда электр энергиясини Қозоғистон ва Ўзбекистонга экспорт қилиш имконини бериши кутилмоқда. Шунга қарамай, лойиҳа экологик ташкилотлар танқидига учрамоқда.

Аввалроқ Жаҳон банкининг Инспекция кенгаши Rivers Without Boundaries» экологик коалицияси томонидан Ўзбекистон ва Туркманистондаги қуйи оқим ҳудудлари аҳолиси номидан берилган шикоятни рўйхатга олганди. Коалиция лойиҳа бўйича экологик ва ижтимоий баҳолашлар эскирганини, «Роғун» сув омборининг тўлдирилиши Амударё дельтаси томон оқадиган сув ҳажмини камайтириши, чўлланишни тезлаштириши, тупроқ шўрланишини кучайтириши ва қуйи оқимдаги аҳоли турмушига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаган.

2025-йилнинг июнь ойида Жаҳон банкининг Инспекция кенгаши лойиҳа бўйича тўлиқ текширув ўтказишни тавсия қилган. Бироқ 2025-йил ноябрда банкнинг Ижрочи директорлар кенгаши шикоят техник талабларга жавоб бермаслигини билдириб, текширув ўтказишга рухсат бермаган. Бу қарор экологик ташкилотлар томонидан танқид қилинган. Жаҳон банки эса лойиҳа экологик ва ижтимоий стандартларга тўлиқ мос равишда амалга оширилаётганини, баҳолашлар янгилангани, жамоатчилик билан маслаҳатлашувлар ўтказилгани ва доимий мониторинг олиб борилаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки «Роғун» ГЭС қурилишига 300 миллион доллар берганди. Тожикистон молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода эса бундай йирик лойиҳани ривожланиш бўйича ҳамкорлар — халқаро банклар, хорижий ҳукуматлар ва жамғармаларнинг молиявий кўмагисиз амалга ошириб бўлмаслигини урғулаб, ГЭСга яна миллиардлаб маблағ кераклигини айтганди.

Teglar

Mavzuga oid