Жаҳон чемпионлари Президент совғаси – BYD автомобиллари билан тақдирланди
19.09.2025 | 14:153 daqiqa
Ўзбекистон спортчилари жаҳон чемпионатида қўлга киритган юксак ютуқлари учун давлатимиз раҳбарининг махсус совғалари – BYD автомобиллари ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Жаҳон чемпионатларида юқори натижалар қайд этган ва юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчи ҳамда уларнинг мураббийлари Президент совғалари билан тақдирланди. Жаҳон чемпиони бўлган спортчиларга BYD Champion Song автомобили ва 15 минг АҚШ доллари пул мукофоти топширилди. Кумуш ва бронза медали соҳибларига эса BYD Chazor автомобиллари ҳамда мос равишда 7,5 минг ва 3,75 минг АҚШ доллари берилди. Спортчиларнинг мураббийлари ҳам бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилди.
Соҳадаги мазкур мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Президентнинг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, спорт вазири Адҳам Икрамов ва Миллий олимпия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров шахсан топширишди. Улар спортчилар ва мураббийларни табриклаб, келгуси мусобақаларда ҳам омад ва юксак натижалар тилашди.
Маросимда спортчилар номидан оғир атлетика бўйича олимпиада чемпиони Руслан Нурудинов, боксчи Абдумалик Халоков, байдарка ва каноэ бўйича мураббий Тўлқин Қиличев ҳамда жаҳон чемпионати совриндори Жавоҳир Умматалиевнинг отаси Туробжон Умматалиев сўзга чиқишди. Улар Президентимиз ва давлат раҳбариятига кўрсатилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш учун самимий миннатдорлик изҳор қилишди.
Спортчиларнинг таъкидлашича, бу каби рағбатлар уларнинг келгуси фаолиятларида янги ютуқларга эришиш учун қўшимча куч ва масъулият бахш этади.