add

Жанубий Корея ўзбекистонликларга виза беришни тўхтатиши мумкин

26.01.2026 | 22:472 daqiqa

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчисига кўра, ҳозирги ҳолатда 9 фоиз фуқаролар нолегал. Агар бу 10 фоизга чиқса, Корея Адлия вазирлиги томонидан виза бериш тўхтатилади.

Жанубий Корея ўзбекистонликларга виза беришни тўхтатиши мумкин© Фото: ru.pinterest.com

Жанубий Кореяда нолегал статусдаги ўзбекистонликлар сонининг ошиб кетгани сабаб Корея ҳукумати виза беришни тўхтатиб қўйиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Кореядаги элчиси Алишер Абдусаломов 17 январ куни тадбиркорларнинг ҳукумат аъзолари ва элчилар билан учрашувида маълум қилди.

Элчининг сўзларига кўра, Жанубий Кореяга ишчиларни юбориш фақат Миграция агентлиги орқали амалга оширилади, хусусий бандлик ташкилотларида бундай ваколат йўқ.

«Борган ишчиларимизнинг юборилган жойдан бошқа ерга нолегал бўлиб ўтиб кетиш ҳолатлари жуда ҳам кўп. Ҳозирги ҳолатда 9 фоиз фуқароларимиз нолегал. Агар бу 10 фоизга чиқса, Корея Адлия вазирлиги томонидан виза бериш умуман тўхтатилади», - деди у.

Элчининг таъкидлашича, таълим олиш мақсадида борганларнинг ҳам бир қисми ўқишни ташлаб, ноқонуний тарзда ишлашга чиқиб кетган.

«Муаммо миграция билан бирга, таълим соҳасига ҳам тегишли. Тил курслари ёки университетларга бораётган ёшларимиз ишлаш учун ўқишидан кетяпти ва нолегал статусга чиқиб қоляпти. Бу нарса Ўзбекистоннинг имижига таъсир қилади, албатта. Шунингдек, тартибли миграцияни амалга оширишга ҳам тўсқинлик қилади. Корея компанияларида мигрантларимиз тўғрисида фикр бошқача шаклланади. Масалан, бир компания қишлоқ хўжалиги соҳасига ватандошларимиздан ишчилар олиб келди. Кейин улар қочиб ёки бошқа жойга нолегал статусга ўтиб кетса, компания ҳосилини йўқотиб, зарар кўради. Келаси йили ўзбекистонлик ишчиларни олиб келишни хоҳламайди», - деган Абдусаломов.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда Жанубий Кореяда 100 минг ўзбекистонлик истиқомат қиляпти ва элчихона уларга ёрдам кўрсатишга тайёр.

Teglar

Mavzuga oid