Logo

ЖЧ-2026 олдидан Эбола муаммоси: мухлисларни нима кутмоқда?

Bugun 16:244 daqiqa

Бутун дунё футбол мухлислари тарихдаги энг йирик Жаҳон чемпионати учун Шимолий Америкага етиб кела бошлашди. Бироқ Шарқий Африкада Эбола вируси тарқалаётгани мезбон мамлакатлар соғлиқни сақлаш идораларини ҳушёрликни оширишга мажбур қилди.

ЖЧ-2026 олдидан Эбола муаммоси: мухлисларни нима кутмоқда?

Вирусологлар 15 май куни Конго Демократик Республикасида (КДР) аниқланган Эболанинг нодир «Бундибугио» штаммини жиловлаш учун курашмоқда. Ўшандан бери вирус камида 488 кишига юқиб, 86 нафар инсоннинг умрига зомин бўлди. Касаллик қўшни Угандага ҳам ўтгач, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бу эпидемияни «халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат» деб эълон қилди.

1

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) эпидемия 2014–2016 йиллардаги каби хавфли тус олиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Шу боис Жаҳон чемпионати учун бир миллиондан ортиқ меҳмон кутаётган АҚШ, Канада ва Мексика расмийлари қатъий чораларни жорий қилмоқда.

Саёҳат чекловлари ва назорат тадбирлари

Жаҳон чемпионати мезбонларининг баёнотларига кўра, Африканинг хавфли ҳудудларидан келаётган шахслар учун махсус саёҳат тартиби жорий этилган.

  • АҚШ: Охирги 21 кун ичида КДР, Уганда ёки Жанубий Суданда бўлган барча хориж фуқароларининг мамлакатга кириши тақиқланди. Бу чеклов ҳатто грин-карта эгаларига ҳам татбиқ этилди. Вашингтон ва Атланта аэропортларида касаллик хавфи бўлган ҳудудлардан келаётган йўловчилар учун кучайтирилган тиббий текширувлар бошланди.

  • Канада: Мамлакат КДР, Уганда ва Жанубий Судан фуқароларининг ўз ҳудудига киришини 90 кунга вақтинча тақиқлади. Касаллик ҳудудларида бўлиб қайтган Канада фуқаролари ва доимий яшовчилар эса 21 кунлик мажбурий карантиндан ўтишлари шарт. Бу қоида 30 майдан кучга кирди.

  • Мексика: Соғлиқни сақлаш вазирлиги аэропортларда Эбола бўйича қатъий назоратни ўрнатди. Аҳолига КДРга саёҳат қилмаслик тавсия этилди, ушбу мамлакатдан келганлардан эса 21 кунлик карантинга риоя қилиш талаб этилмоқда.

2

Конго терма жамоаси Белгияда изоляцияда қолди

1974 йилдан буён илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олган Конго Демократик Республикаси (КДР) терма жамоаси Эбола эпидемияси сабабли ўз ватанида ўтказилиши керак бўлган сўнгги ўқув-машғулот йиғинини бекор қилди. Жамоа бунинг ўрнига тайёргарликни Белгияда давом эттирмоқда.

Оқ уйнинг Жаҳон чемпионати бўйича ишчи гуруҳи ижрочи директори Эндрю Жулиани 23 май куни «ESPN» телеканалига берган интервюсида тасдиқлашича, Конго делегацияси Белгияда «хавфсизлик пуфаги» режимида бўлиши ва 21 кунлик изоляцияни тўлиқ ўташи шарт. Акс ҳолда, уларнинг АҚШга киришига тақиқ қўйилиши мумкин.

Жамоанинг тайёргарлик жараёни Испанияда Чили термасига қарши ўтказилиши режалаштирилган ўртоқлик учрашуви бекор қилинганидан кейин янада мураккаблашди.

«Мен 9 июн куни Конго Демократик Республикаси ва Чили терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтиши керак бўлган ўйинни ўтказишни тақиқловчи фармонни имзоладим», — деди Испаниянинг Ла-Линеа-де-ла-Консепсон шаҳри мэри Хуан Франко.

КДР бош мураббийи Себастиен Десабр ўйинни ҳеч бўлмаганда мухлисларсиз (ёпиқ эшиклар ортида) ўтказишни таклиф қилган бўлса-да, маҳаллий расмийлар бунга рухсат беришмади.

«Шуни айтишим мумкинки, биз вазиятга мослашишга ўрганиб қолганмиз. Нима бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай ҳолатга муаммосиз мослаша оламиз», — деди Десабр.

Турнир давомида Конго терма жамоаси Техас штатининг Хюстон шаҳрида база ташкил этишни режалаштирмоқда. Улар K гуруҳидаги илк ўйинини 17 июн куни Португалияга қарши ўтказади. Шундан сўнг, 24 июн куни Гвадалахара шаҳрида Колумбия билан, 28 июн куни эса Атлантада Ўзбекистон терма жамоасига қарши баҳс олиб боради.

Эпидемияларни кузатиш ва хавфсизлик чоралари

Бостон университетининг юқумли касалликлар маркази Жаҳон чемпионати давомида ҳар қандай юқумли касаллик тарқалишини кузатиб бориш учун мониторинг олиб бормоқда. Марказнинг BEACON (Биологик хавфларни таҳлил қилиш ва коммуникация тармоғи) дастури соғлиқни сақлаш идораларини, мусобақа қатнашчиларини ва жаҳон ҳамжамиятини вазиятдан доимий равишда хабардор қилиб боришни мақсад қилган.

Шунингдек, Махсус патогенлар миллий тизими (NSPS) турнир давомида касалликлар тарқалган тақдирда кўрилиши керак бўлган чораларни машқ қилиш учун махсус симуляция машғулотларини ўтказган. Синов сценарийси Жаҳон чемпионати пайтида Яқин Шарқ респиратор синдроми (MERS) авж олиши эҳтимолига қаратилган эди. NSPS маълумотларига кўра, бундай машғулотлар ўз вақтида кўрилган чоралар, мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ва пухта режалаштиришнинг нақадар муҳимлигини яна бир бор исботлади.

Мухлислар учун «хавф жуда паст»

Кўрилаётган барча қатъий чора-тадбирларга қарамай, тиббиёт экспертлари Шимолий Америкага йўл олаётган футбол мухлислари дуч келиши мумкин бўлган хавф-хатарлардан у қадар хавотирда эмас.

«Агар сиз Жаҳон чемпионатига бораётган оддий томошабин бўлсангиз, Эбола юқтириш хавфи жуда паст. Эбола ривожланган мамлакатларда ҳеч қачон оммавий эпидемияни келтириб чиқармаган, у ерда касаллик фақат якка тартибдаги жуда кам сонли ҳолатларда қайд этилган, холос», — дейди Лондон Қироллик коллежи олими Оливер Жонсон «Reuters» агентлигига.

Мутахассис бунинг сабабини вируснинг юқиш йўли билан изоҳлади: «Вирус ҳаво орқали юқмайди. Бунинг учун, одатда, оғир аҳволдаги бемор билан бевосита алоқада бўлиш керак. Беморлар билан мулоқотда бўлганларни кузатиш тизими жуда яхши йўлга қўйилган. Агар бирор ҳолат аниқланса, дарҳол изоляция қилинади».

Жонсоннинг таъкидлашича, мухлислар оддий эҳтиёт чораларига — қўл гигиенасига риоя қилишлари ва агар ўзларини нохуш ҳис қилсалар, бошқалар билан яқин мулоқотдан сақланишлари кифоя қилади.

Teglar

Mavzuga oid