add

Капитал бозори: Ишончли бошқарувчиларга молиявий талаблар кучайтирилди

Bugun 18:18772 daqiqa

Ўзбекистонда инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар фаолияти учун янги молиявий талаблар жорий этилди, бу инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган.

Капитал бозори: Ишончли бошқарувчиларга молиявий талаблар кучайтирилди

Ўзбекистонда капитал бозорини тартибга солиш доирасида инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар фаолиятига қўйиладиган молиявий талаблар янгиланди. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) директорининг 2025 йил 14 ноябрдаги буйруғи билан инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларнинг ўз маблағлари миқдори ва активларнинг ўртача йиллик қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Янги ҳужжат 2004 йилда қабул қилинган аввалги низом ўрнига жорий этилди ва ишончли бошқарувчилар фаолиятини молиявий барқарорлик ҳамда ошкоралик тамойиллари асосида қайта тартибга солишни кўзда тутади. Асосий янгиликлардан бири — ишончли бошқарувчиларнинг ўз маблағлари миқдорига қўйилган минимал талабнинг белгиланишидир.

Низомга мувофиқ, ишончли бошқарувчи ўзи бошқараётган инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматининг камида 5 фоизи миқдорида ўз маблағларига эга бўлиши шарт. Бу талаб бошқарувчиларнинг молиявий масъулиятини ошириш ва инвесторлар маблағларини қўшимча ҳимоя қилишга қаратилган.

Ўз маблағлари миқдори устав капитали, қўшилган капитал, заҳира капитали, тақсимланмаган фойда ёки қопланмаган зарар, мақсадли тушумлар, шунингдек келгуси харажатлар ва тўловлар бўйича заҳиралар каби кўрсаткичлар асосида ҳисоблаб чиқилади. Бундай ёндашув ишончли бошқарувчининг реал молиявий ҳолатини аниқ баҳолаш имконини беради.

Низомда инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматини баҳолаш тартиби ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Ушбу қиймат ҳар чоракда қайта ҳисобланади ва ишончли бошқарувчининг молиявий ҳисоботида акс эттирилиши лозим. Бу эса активлар ҳажми билан бошқарувчининг молиявий имкониятлари ўртасидаги мутаносибликни доимий назорат қилишга хизмат қилади.

Қабул қилинган талаблар ишончли бошқарувчилар фаолиятида ҳисобдорликни ошириш, молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш ва инвесторлар учун қўшимча ҳимоя механизмларини яратишга қаратилган.

Г.Бозорова тайёрлади.

Teglar

Mavzuga oid

Капитал бозори: Ишончли бошқарувчиларга молиявий талаблар кучайтирилди | Vaqt.uz