
Катта миқдорда солиқ қарзи бор қурилиш компаниялари маълум қилинди
Солиқ қўмитаси 1 200 дан ортиқ қурилиш корхонасининг катта миқдордаги солиқ қарздорлиги борлиги ҳақида маълумот берди.

2025 йил 1 декабр ҳолатига кўра, солиқ қарзи 100 млн сўмдан юқори қурилиш корхоналари сони 1 238 тани ташкил этди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур корхоналарнинг жами қарзи 1,1 трлн сўмга етган. Шундан 241,7 млрд сўми ёки 20,8 фоизи солиқ қарзи энг йирик бўлган 10 та корхона ҳисобига тўғри келади.
Жумладан, энг катта миқдордаги қарздор компаниялар Тошкент шаҳридаги «Aziya Invest Favorit» (64,2 млрд сўм), «Avtosanoat-injiniring» (63,9 млрд сўм) ва «Tamirlash Qurish Servis» (50,3 млрд сўм) МЧЖлар эканлиги қайд этилган.
Шунингдек, корхоналарнинг солиқ қарздорлиги бўйича энг юқори кўрсаткич қуйидаги ҳудудларда қайд этилди:
Тошкент шаҳри – 472,1 млрд сўм;
Тошкент вилояти – 117,2 млрд сўм;
Андижон вилояти – 81,9 млрд сўм;
Навоий вилояти – 76,7 млрд сўм;
Бухоро вилояти – 75 млрд сўм.
Эслатиб ўтамиз, январ–октябр ойларида қурилиш корхоналарига 2 трлн 278,3 млрд сўмлик солиқ имтиёзлари берилгани ҳақида хабар бергандик.





