Logo

Кичик бизнесни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича янги чоралар белгиланди

Bugun 13:153 daqiqa

Кредит ва бошқа молиявий ресурсларни тақсимлашда ваколатлар кенгайтирилади. 2026-йил охиригача туман (шаҳар) штаблари ихтиёрига жами 3,2 трлн сўм йўналтирилади.

Кичик бизнесни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича янги чоралар белгиланди © Ijtimoiy tarmoqlar

2026-йил 1-октябрдан ўзини-ўзи банд қилган шахслар ҳамда кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига улар олган кредит фоизларининг бир қисми компенсация қилиб берилади. Бу хақда президентнинг 2026-йил 11-сентябрдаги ПФ-193-сон «Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида сўз боради.

Фармонга мувофиқ, кредит фоизларининг бир қисмини қоплаб беришга туман ёки шаҳар штабининг тегишли қарори асос бўлади. Компенсация Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ёки белгиланган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Масалан, тадбиркор ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун банкдан кредит олди. У кредитнинг асосий суммаси ва фоизларини тўлайди. Агар лойиҳа бўйича тегишли қарор қабул қилинса, фоиз харажатининг бир қисми қопланади. Натижада тадбиркорнинг кредит бўйича юкламаси камаяди.

Кредит тарихи бўйича қўшимча талаб қўйилмайди

Компенсация бериш учун тадбиркорга кредит тарихи ва барқарорлик рейтинги каби қўшимча шартлар қўйилмайди. Оилавий ҳамда ёшлар тадбиркорлиги дастурлари бўйича имтиёзли кредит ресурслари маҳаллий шароитдан келиб чиқиб белгиланиши мумкин.

2026-йил якунига қадар туман ва шаҳар штаблари ихтиёрига жами 3,2 трлн сўм ўтказиб берилади. Маблағнинг 1,37 трлн сўми оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларига, 450 млрд сўми ёшлар тадбиркорлиги дастурларига йўналтирилади.

Шунингдек, Тадбиркорликни ривожлантириш компаниясидан фоиз харажатларини компенсация қилиш учун 300 млрд сўм ажратилади.

«Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармаларидан 760 млрд сўм, Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасидан 240 млрд сўм, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан эса 100 млрд сўм йўналтирилади.


Эҳтиёжманд оилаларни бизнесга жалб қилган тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача кредит

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни кооперацияга жалб қилган лидер тадбиркорлар учун 5 миллиард сўмгача гаров таъминотисиз кредит ажратилиши мумкин. Бунда жалб қилинган ҳар бир оила учун 50 млн сўмгача ҳисоб-китоб қилинади.

Эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш тизими

2027-йил 1-январдан оилаларни Ижтимоий реестрга киритишда фақат уларнинг молиявий ҳолатига қараб баҳолашдан кўра кенгроқ мезонлардан фойдаланиш белгиланмоқда. Бунда оиладаги сурункали касалликлар, ногиронлик, ташқи меҳнат миграцияси, оиланинг кўп болали экани каби омиллар ҳам ҳисобга олинади. Кўп ўлчовли баҳолаш тизими доирасида оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати балли скоринг тизими орқали баҳоланиб, унинг натижаларига кўра оилалар тегишли тоифаларга ажратилган ҳолда ижтимоий ёрдам ва хизматлар билан қамраб олинади.

Ишлаётган аёлларга бола парвариши нафақаси

Меҳнат шартномаси асосида ишлаётган хотин-қизларга ҳомиладорлик ва фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар ижтимоий суғурта томонидан бола парвариши нафақаси тўлаш тартиби жорий этилади. Бундан ташқари, давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларининг бир қисми ваучер орқали тақдим этилади.

Айрим оилаларга фоизсиз кредитлар

Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига кирганларга оилавий тадбиркорлик дастурларида қўшимча фоизсиз кредитлар ҳам ажратилади. Бунинг учун 2026-йилда 100 млрд сўм, 2027-йилда эса 300 млрд сўм ажратилиши белгиланган. Бунда ажратилган кредитларнинг фоиз харажатларини қоплаш учун давлат бюджетидан 50 млрд сўмгача маблағ ажратилади.

Камрон Ҳасанов

Teglar

Mavzuga oid