Когон тумани ҳоким ўринбосари пора билан қўлга тушди

Bugun 10:182 daqiqa

Бухоро вилоятида фермерга сув очиб бериш эвазига 15 минг доллар пора талаб қилган ҳоким ўринбосари қўлга олинди.

Когон тумани ҳоким ўринбосари пора билан қўлга тушди © Kogon tumani hokimligi matbuot xizmati

Бухоро вилояти Когон тумани ҳокими ўринбосари Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда прокуратура органлари ходимлари томонидан пора олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Маълум қилинишича, Бухоро туманида шартнома асосида деҳқончилик фаолияти билан шуғулланувчи фермер «Қум Султон» массивида жойлашган экин майдонларини сув билан таъминлашда муаммога дуч келган. Когон тумани ҳудуди орқали келадиган сув тўхтатиб қўйилгани сабабли, у ҳоким ўринбосарига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

«Хизмат ҳақи»

Мансабдор эса сувни қайта очиб беришини ва келгусида бу борада муаммо юзага келмаслигини айтган. Бунинг эвазига у фермердан 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида ҳоким ўринбосари 12 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга тушган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан пул маблағлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда мазкур мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «б» ва «в» бандлари — пора олиш айби билан жиноят иши қўзғатилди. Суд қарори билан унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари ер ажратиш эвазига 50 минг доллар пора талаб қилгани учун тезкор тадбирда қўлга олинган эди. Терговга кўра, у фуқаро С.Р. Тиллаволдиевга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун Андижон вилояти Бобур шаҳри ҳудудида жойлашган 20 сотих ер майдонини расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Ушбу жараёнда ерни аукционга чиқариш ва кейинчалик уни ариза муаллифи номига ўтказиш масаласини ҳал қилиб беришини билдирган.

Teglar

Mavzuga oid

Когон тумани ҳоким ўринбосари пора билан қўлга тушди | Vaqt.uz