Кондиционерлар Европада «сиёсий қурол»га айланмоқда
Европада рекорд даражадаги иссиқ ҳаво фонида кондиционерлар атрофида сиёсий баҳслар кучайди. Партиялар ҳукуматларни чекловлар учун танқид қилмоқда.

Европада кузатилаётган аномал иссиқлик ва унинг оқибатлари кондиционерларни сиёсий муҳокамалар марказига олиб чиқди. Бу ҳақда «The Guardian» нашри хабар берди.
Нашрга кўра, сўнгги ҳафталарда айрим сиёсий кучлар ҳукмрон партияларни экологик талаблар сабабли биноларга кондиционер ўрнатиш жараёнларини қийинлаштиришда айбламоқда.
Германияда 28 июн куни 41,7 даражали ҳарорат қайд этилганидан кейин «Германия учун муқобил» партияси вакили Марк Бернхард иқлим сиёсати қурилиш соҳасида нотўғри қарорларга олиб келаётганини айтди.
Сиёсий баҳс
Бернхарднинг таъкидлашича, кондиционерлардан воз кечиш каби ёндашувлар жазирама билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ортишига сабаб бўлмоқда.
Шу билан бирга, илгари биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида қайта таъмирланишига қарши чиққан ҳамда шамол турбиналари ва қуёш батареялари қурилишига тўсқинлик қилишга уринган Франциянинг ўнг қанот «Миллий кенгаш» партияси ҳам иқлим ўзгаришига қарши кураш сиёсатини танқид қилган ҳолда кондиционерларни ўзининг асосий устувор йўналишларидан бирига айлантирган.
«The Guardian» қайд этишича, жазирамадан фақат Европа азият чекаётгани йўқ — Америка Қўшма Штатларида ҳам рекорд даражадаги ҳарорат кузатилмоқда. Бироқ у ердаги уйларнинг қарийб 90 фоизи кондиционерлар ва бошқа совутиш тизимларидан фойдаланади.
Хитой кондиционерларига талаб кескин ошган
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус Европани энг тез исиётган қитъа деб атади. Унинг айтишича, аввал «бир авлодда бир марта» кузатилган иссиқлик тўлқинлари энди деярли ҳар йили содир бўлмоқда.
«Bloomberg» маълумотларига кўра, 2026 йил июн ойидаги рекорд даражадаги иссиқ ҳаво Европада Хитойда ишлаб чиқарилган мобил кондиционерларга талабни кескин ошириб юборган.
Халқаро энергетика агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, Европа уй хўжаликларининг тахминан 20 фоизида кондиционер мавжуд.
«Bloomberg» нашрининг қайд этишича, бу ҳолат Европа мамлакатларида уйларга катта ўлчамдаги кондиционерларни ўрнатиш бўйича мавжуд турли чекловлар билан ҳам боғлиқ.





