add

Кремл фронтда ўсиб бораётган йўқотишлар босимида қолди — «Bloomberg»

30.01.2026 | 15:152 daqiqa

«Bloomberg» таҳлилига кўра, Украинадаги урушда Россия йўқотишлари кескин ошмоқда ва бу Кремлни мобилизация ҳақида оғир қарорлар олдида қолдиряпти.

Кремл фронтда ўсиб бораётган йўқотишлар босимида қолди — «Bloomberg»

Сўнгги ҳафталарда Украинада Россия армиясининг йўқотишлари сезиларли даражада ошган, деб ёзмоқда. «Bloomberg». Агар бу тенденция сақланиб қолса, Москва мавжуд захиралар ҳисобига фронтдаги камайишни қоплай олмаслиги мумкин. Манбаларга кўра, декабр ойидаёқ Украина Қуролли кучлари Россияга 35 минг нафар шахсий таркибига талафот етказган.

Нашр таъкидлашича, Европа разведка хизматлари Россиянинг ойлик йўқотишлари янги шартнома асосида армияга жалб этиш суръатига деярли тенглашганини қайд этмоқда. Бу эса Кремл учун стратегик муаммога айланяпти. Чунки йирик миқёсдаги янги мобилизация сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан юқори хатарлар билан боғлиқ.

«Bloomberg» таҳлилига кўра, ҳозирча Россия раҳбарияти бундай қарордан қочишга ҳаракат қиляпти, аммо фронтдаги вазият бунга имкон қолдирмаслиги мумкин.

Дронлар омили

Йўқотишлар ўсишининг асосий сабабларидан бири сифатида Украина томонидан дронлардан фойдаланиш самарадорлигининг ошгани кўрсатилади. Европа ҳукуматларининг баҳолашига кўра, сўнгги ойларда ҳалок бўлганлар билан яраланганлар нисбатида ҳалок бўлганлар улуши орта бошлаган.

Нашр манбаларининг айтишича, Украина ҳар бир зарбани қайд этиш ва текшириш имкониятига эга бўлган. Бу эса Европа разведкасига Россия йўқотишлари ҳақида юқори ишончли маълумотлар бераяпти. Натижада, Россия учун технология ва шахсий таркиб ўртасидаги мувозанат янада оғирлашмоқда.

Россия томони кўпроқ шартнома асосида жанг қиладиган аскарларни жалб қилиш учун катта бир марталик бонуслар ва юқори маошлар таклиф қилмоқда. Бироқ «Bloomberg»нинг қайд этишича, замонавий урушда ҳал қилувчи омил фақат одам сони эмас, балки дрон технологиялари ҳам ҳисобланади.

Музокараларга таъсир

Таҳлилчилар фикрича, фронтда стратегик ютуқларга эришилмаётгани ва йўқотишлар ўсиши Кремлнинг музокаралардаги позицияларини заифлаштириши мумкин. «Bloomberg» бу ҳолат Россия раҳбари Владимир Путин учун қўшимча босим омилга айланаётганини таъкидлайди.

Нашрга кўра, бу вазият Москва яратиб келаётган «муқаррар ғалаба» манзарасини ҳам шубҳа остига қўяди. Агар йўқотишлар даражаси сақланиб қолса, Россия олдида ёки ҳарбий сафарбарлик ёки фронтдаги имкониятларни қисқартиришдек оғир танлов турибди.

Teglar

Mavzuga oid