Куба иқтисодиётни қутқариш учун 175 бандли ислоҳотлар пакетини қабул қилмоқда
Олти йилдан буён давом этаётган иқтисодий инқироз фонида Куба ҳукумати хусусий инвестициялар ва бозор механизмларига кенгроқ йўл очишга қарор қилди.

Куба ҳукумати мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий инқирозни юмшатиш мақсадида 175 банддан иборат кенг кўламли ислоҳотлар пакетини амалга оширишни режалаштирмоқда.
Миллий оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, мамлакат раҳбари Мигел Диас-Канел бошчилигидаги ҳукумат иқтисодиётни рағбатлантиришга қаратилган янги чораларни жорий этади. Ҳукумат иқтисодий муаммоларнинг кучайишида АҚШ санкциялари ҳам муҳим омил бўлганини таъкидламоқда.
Парламентга Бош вазир Мануэл Марреро Крус томонидан тақдим этилган ислоҳотлар пакети хусусий инвестицияларни жалб қилиш, давлат корхоналарига кенгроқ мустақиллик бериш ҳамда молия секторини хусусий банклар учун очишни назарда тутади.
Шунингдек, хусусий бизнес учун бюрократик тўсиқларни қисқартириш, давлат бошқарувини ихчамлаштириш ва хорижда яшовчи кубаликларга чет эллик инвесторлар билан тенг ҳуқуқлар бериш режалаштирилган.
Янги қоидалар маҳаллий ҳокимиятларга импорт-экспорт операцияларини мустақил амалга ошириш, давлат компанияларига эса хорижий валютани сақлаш имконини беради.
Марреро мазкур чоралар социалистик тизимдан воз кечиш эмаслигини таъкидлаб, уларни иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган «стратегик қадамлар» деб атади.
Маълум қилинишича, ислоҳотлар пакети Раул Кастро иштирок этган йиғилишда Куба Коммунистик партияси томонидан маъқулланган. Энди ҳужжатнинг мамлакат парламенти томонидан ҳам тасдиқланиши кутилмоқда.
Куба иқтисодиёти сўнгги йилларда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Мамлакатда электр энергияси тақчиллиги, озиқ-овқат ва бошқа бирламчи эҳтиёж товарлари етишмаслиги кузатилмоқда.
Юқори инфляция, миллий валютанинг қадрсизланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши вазиятни янада оғирлаштирган. Экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилда мамлакат иқтисодиёти яна 7,2 фоизга қисқариши мумкин.





