Лондонда «C5+1» форматидаги илк қўшма учрашув бўлиб ўтади
Марказий Осиё ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирларининг «C5+1» форматидаги биринчи қўшма учрашуви бўлиб ўтади. Бу 1991 йилдан бери илк бор ўтказилаётган бундай форматдаги мулоқот ҳисобланади.

26 февраль, бугун Лондонда Марказий Осиё давлатлари ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирларининг «C5+1» форматидаги биринчи қўшма учрашуви бўлиб ўтади. Бу 1991 йилдан бери илк бор ўтказилаётган бундай форматдаги мулоқот ҳисобланади.
Учрашувда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Иветт Купер Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вазирлари билан музокара олиб боради. Минтақа вакиллари аллақачон Лондонга етиб борган.
Ташриф доирасида иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, муҳим минераллар, олий таълим ва «яшил» ўсиш соҳаларида янги келишувларга эришиш масалалари муҳокама қилинади.
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, Лондон ушбу стратегик минтақадаги шерикликни мустаҳкамлаш орқали таъминот занжирларини диверсификация қилиш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва барқарорликни кучайтиришни мақсад қилган.
Ўзбекистон томони эса таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, инглиз тили ва академик алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, кенг қамровли минтақавий келишувлар пакетини шакллантиришдан манфаатдор. Ташаббуслар «яшил» ўтиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва инвестициявий алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган.
Февраль ойи бошида Буюк Британиянинг Озарбайжон ва Марказий Осиё бўйича савдо вакили лорд Олдердайс Ўзбекистонга ташриф буюриб, Тошкент, Самарқанд, Навоий ва Олмалиқда қатор учрашувлар ўтказган эди. У инфратузилма соҳасидаги ҳамкорлик ва «UK Export Finance» орқали молиялаштириш имкониятларини тақдим этган.
Баҳор охирида Буюк Британия — Ўзбекистон қўшма иқтисодий қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган.





