Маҳалла раисларига иш ҳақи бермаслик тўғрисида буйруқ тасдиғини топмади

18.02.2026 | 18:511 daqiqa

Айрим маҳаллаларда иш самарадорлиги пастлиги юзасидан чора кўриш мақсадида бир ойлик иш ҳақини бермаслик ҳақида Ўзбекистон Маҳалла уюшмаси раисининг буйруқ лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Маҳалла раисларига иш ҳақи бермаслик тўғрисида буйруқ тасдиғини топмади © Foto: uza.uz

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси 100 нафар маҳалла раисининг бир ойлик иш ҳақини ушлаб қолиш бўйича буйруқ чиқаргани ҳақида хабарлар тарқалди. Расмий изоҳга кўра, мазкур маълумотлар амалдаги ҳолатни акс эттирмайди.

Маълум қилинишича, жорий йил 2 феврал куни Уюшма раиси томонидан «Маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича бир гуруҳ маҳалла раисларининг фаолияти тўғрисида»ги буйруқ лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳужжат айрим маҳаллаларда иш натижалари паст бўлган ҳолатлар юзасидан чора кўриш мақсадида тайёрланган.

Кенгаш тасдиқламаган буйруқ

Амалдаги тартибга мувофиқ, ушбу ҳужжат Уюшма ҳузуридаги Кенгашда кўриб чиқилган. Муҳокама жараёнида уни қўшимча ўрганиш ва такомиллаштириш зарурати қайд этилган ҳамда ҳужжат қайта ишлаш учун юборилган.

Шу муносабат билан буйруқ ижрога киритилмаган ва унга асосан ҳеч қандай молиявий чоралар қўлланилмаган.

Расмий маълумотга кўра, республикадаги 8 992 та маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритувчи барча маҳалла раисларининг жорий йил январ ойи иш ҳақи тўлиқ тўлаб берилган.

Teglar

Mavzuga oid