Logo

Маҳалла «еттилиги»га 10 миллион сўмдан грант берилади

Bugun 18:522 daqiqa

Президент маҳаллаларда ижтимоий муаммоларни ҳал қиладиган ташаббуслар учун «маҳалла еттилиги»га грант ажратилишини эълон қилди.

Маҳалла «еттилиги»га 10 миллион сўмдан грант берилади © Foto: president.uz

Ўзбекистонда маҳаллалардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган лойиҳалар учун «маҳалла еттилиги»га 10 миллион сўмдан грант ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги маҳаллалар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, маҳалла раиси ҳудуддаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, тозаликни таъминлаш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган лойиҳаларнинг ташаббускори бўлиши керак.

Шу мақсадда ҳар бир маҳаллада амалга ошириладиган ташаббуслар учун «маҳалла еттилиги»га 10 миллион сўмдан грант ажратилади.

Қайд этилишича, агар мамлакатдаги 8 минг 992 та маҳалланинг ҳар бирида камида биттадан шундай лойиҳа амалга оширилса, ҳудудлардаги ижтимоий муҳит ва аҳоли фаровонлиги сезиларли даражада яхшиланади.

240 миллиард сўмлик ресурс шакллантирилади

Мазкур дастурни молиялаштириш учун жами 240 миллиард сўмлик ресурс шакллантирилиши режалаштирилган. Бу маблағлар маҳаллаларда аҳоли манфаатига хизмат қиладиган амалий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Йиғилишда маҳалла раиси ўз ҳудудининг ҳақиқий бошқарувчисига айланиши лозимлиги алоҳида таъкидланган. У ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, профилактика инспектори, солиқ инспектори ва маҳалла банкирининг ҳафталик ҳамда ойлик иш режаларини тасдиқлайди.

Шунингдек, маҳалла раиси «еттилик» аъзолари олдига аниқ вазифалар қўйиб, уларнинг ижросини мунтазам назорат қилиши билдирилган.

Янги институт ташкил этилади

Маҳаллалар фаолиятини илмий ва услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади.

Ушбу институт «маҳалла еттилиги» аъзоларини ўқитиш, ҳудудлардаги долзарб ижтимоий муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларнинг ечими бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Teglar

Mavzuga oid