Маҳаллаларда уй меҳмонхоналарини ташкил қилиш учун 150 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади

Kecha 16:552 daqiqa

Янги қарор билан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида маҳаллалар кесимида гаров таъминотисиз ажратиладиган кредитлар миқдори оширилди.

Маҳаллаларда уй меҳмонхоналарини ташкил қилиш учун 150 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади

Тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида бўлганларга гаров таъминотисиз бериладиган кредитлар миқдори оширилади. Бу ҳақда «2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида келтириб ўтилган.

Қарорга кўра, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида:

— маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларга (ўзини ўзи банд қилган шахсларга) гаров таъминотисиз ажратиладиган кредитлар миқдори 50 млн сўмгача оширилади;

— чорвачиликка ихтисослашган маҳаллаларда импорт қилинган ва сертификатланган наслли чорва моллари хариди ва туячилик учун кредит миқдори 100 млн сўмгача оширилади;

— туризм салоҳияти юқори бўлган маҳаллаларда уй меҳмонхоналарини ташкил қилиш ҳамда ихтисослашуви 50 фоиздан юқори маҳаллаларда маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун минитехнологиялар сотиб олишга 150 млн сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади;

— ажратиладиган кредитлар ҳисобига товар ва хизматларни олдиндан етказиб бериш талаби бекор қилинади.

2026 йил 1 мартдан тижорат банклари томонидан амалга оширилаётган «маҳалла лойиҳаси» дастури доирасида маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш бўйича ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг бир қисмига қуйидаги тартибда компенсация тақдим этилади:

— маҳсулот етиштиришга қаратилган лойиҳалар бўйича кредитлар фоиз ставкасининг 4 фоизлик пункти;

— қўшимча қиймат яратадиган қайта ишлаш лойиҳалари бўйича кредитлар фоиз ставкасининг 6 фоизлик пункти.

Teglar

Mavzuga oid