Logo

Маош камлигидан норози бўлган Беларусдаги ўзбекистонликлар бўйича изоҳ берилди

Bugun 12:393 daqiqa

Миграция агентлигининг Vaqt.uz’га берган изоҳига кўра, уларни олиб бориш ва ишга жойлаштиришни Андижон вилояти ҳокимлиги пилот лойиҳа сифатида бошлаган.

Маош камлигидан норози бўлган Беларусдаги ўзбекистонликлар бўйича изоҳ берилди © Ijtimoiy tarmoqlar

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондан Беларусга ишлашга юборилган 10 дан ортиқ кишига у ерда жуда кам маош таклиф қилингани айтилган видео тарқалганди. Миграция агентлиги матбуот котиби Гулруҳ Тўлаеванинг Vaqt.uz’га маълум қилишича, ишчиларни танлаш, уларни олиб бориш ва ишга жойлаштиришни Андижон вилояти ҳокимлиги пилот лойиҳа сифатида йўлга қўйган.

Агентлик сўзловчисига кўра, агар иш берувчи мигрантларга шартномада кўрсатилган иш ҳақини беришдан бош тортса ёки шартларга амал қилмаса, ишчилар бошқа ишга ўтказилади. Агар улар бунга ҳам кўнмаса, уларнинг Ўзбекистонга қайтишига ёрдам берилади.

«Биз фақат ишчини унга юборилаётган мамлакатдаги энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган маош бериладиган бўлса юборамиз. Ҳозирги вазиятда барча ишлар Андижон ҳокимлиги томонидан ташкиллаштирилган. Бу муаммо бугун кечгача ҳал қилинади», — дейди у.

Тўлаеванинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик инвесторлар Беларусга фермер хўжаликларини ташкил этиш учун борган. Уларга ҳам ватандошларни ишга жойлаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Шартномада ўртача ойлик иш ҳақи 900–1000 доллар этиб кўрсатилган, энг юқори маош эса 1200 доллар.

Президент Шавкат Мирзиёев 8–9-июль кунлари Беларусга расмий ташриф билан борганди. Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон раҳбари билан Минскда бўлиб ўтган музокараларда ўзбекистонликларни оиласи билан бирга Беларусга кўчиб бориб, у ерда ишлашга чақирганди. У ўз раҳбарлиги остидаги мамлакатда меҳнаткаш ва малакали кадрлар танқислигини айтиб, Ўзбекистонда сув ва ер билан боғлиқ муаммоли масалаларга тўхталганди. Унинг айтишича, бундай муаммолар Беларусда йўқ.

Шу боис у ўзбекистонликларни ватанига таклиф қилганди. 14-июль куни Лукашенко Витебск вилояти ва Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари билан танишди. Унинг Орша туманига ишчи ташрифида Андижон ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам иштирок этди. Абдураҳмонов Витебскда ишчиларга яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдирди.

Учрашувда Лукашенко Абдураҳмоновга шундай деган:

«Биз ака-укадек ҳамкорлик қиламиз! Бунга шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади».

Лукашенко Ўзбекистондан борган ишчиларни уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталган.

«Қишлоқларимизда яшаш учун муносиб уй-жойлар бор. Уларни биргаликда тартибга келтирамиз. Янги қуриладиган барча иншоотларни одамлар учун қурамиз. Ўзбекистонликлар билан беларусликлар ўртасида ҳеч қандай фарқ бўлмайди. Болаларингиз ҳам беларуслик болалар каби бир хил шартлар асосида боғча ва мактабга боради. Бу ерга келган инсонлар ўзларини биз учун бегона эмаслигини ҳис қилиши керак. Биз бунинг учун барча шароитларни яратамиз. Фақат улар сидқидилдан меҳнат қилса бўлди», — деган Беларусь раҳбари.

Лукашенко Андижон вилояти ҳокимини фақат Витебск вилоятига эмас, балки бошқа ҳудудларга ҳам эътибор қаратишга чақирди. Унинг айтишича, Могилёв вилоятининг жануби-шарқий қисмида ҳам шунга ўхшаш ҳамкорликни йўлга қўйиш имконияти мавжуд. Бу ҳудудни ривожлантириш дастури аллақачон ишлаб чиқилган.

«Биз бу дастурни бекор қилмаймиз. У ерда турли имтиёзлар ва рағбатлантириш чоралари мавжуд. Энг муҳими эса — одамлар. Улар келиб ишласин. Энди қанча одам ва қандай мутахассислар кераклигини аниқлашимиз лозим. Ҳукумат ҳозир айнан шу масала устида ишлаяпти ва сизга аниқ ҳисоб-китобларни тақдим этади», — деган у.

Ўзбекистон фуқароларини нафақат қишлоқ хўжалигига, балки қурилиш, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаси ҳамда кичик тиббиёт ходимлари сифатида ишлашга ҳам жалб этиш режалаштирилган. Таъкидланишича, яқинда Беларусга 250 нафар ўзбекистонлик етиб бориб, уларнинг барчаси иш билан таъминланган. Бундан ташқари, Андижон вилоятидан яна 5 минг киши Витебск вилоятига бориши бўйича келишувга эришилган. Улар сентябрь ойидан бошлаб ҳар сафар 500 нафардан боришни бошлайди. Витебск вилоятида уларни қабул қилиш учун барча зарур шароитлар яратилади.

Андижон ҳокими Абдураҳмонов Беларусга ишлашга борган ўзбекистонликлар меҳнаткаш эканини айтиб, Лукашенкони бунга ишонтирган.

Teglar

Mavzuga oid