Logo

Марказий банк 2030 йилгача Fintech технологияларини ривожлантириш миллий стратегиясини тасдиқлади

Bugun 08:555 daqiqa

Регулятор янги стратегияда халқаро пул ўтказмалари, бизнесни молиялаштириш ва рақамли хизматлардаги муаммоларни ҳал этишни режалаштирган.

Марказий банк 2030 йилгача Fintech технологияларини ривожлантириш миллий стратегиясини тасдиқлади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистон Марказий банки 2026–2030 йилларга мўлжалланган Fintech технологияларини ривожлантириш миллий стратегиясини тасдиқлади.

Стратегиянинг асосий мақсади — 2030 йил охирига қадар Ўзбекистонни Марказий Осиёда fintech компаниялари учун энг жозибадор юрисдикцияга айлантириш, шунингдек, аҳоли ва бизнеснинг хавфсиз рақамли молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

Стратегияни амалга ошириш уч босқичга бўлинган:

●     2026–2027 йилларда fintech бозори учун базовий инфратузилмани шакллантириш;

●     2028–2029 йилларда Open Banking тизимини ишга тушириш, рақамли идентификацияни ва тўлов тизимлари интеграциясини кенгайтириш;

●     2030 йилга келиб эса Ўзбекистонни минтақавий fintech маркази сифатида мустаҳкамлаш.

Стратегиянинг йўналишларидан бири fintech компанияларини ғоя пайдо бўлишидан тортиб бизнесни кенгайтириш босқичигача қўллаб-қувватлайдиган экотизим яратишни назарда тутади.

Ушбу тизим таркибига Инновацион хаб, «тартибга солиш қумдони» (regulatory sandbox), кадрлар тайёрлаш тизими, молиялаштириш механизмлари ҳамда банкларнинг fintech компаниялари билан ҳамкорлик қилиш воситалари киради. Стартаплар инкубация, тартибга солинадиган муҳитда синовдан ўтказиш, лицензиялаш ва кейинчалик фаолиятини кенгайтириш босқичларидан ўтиши мумкин бўлади.

Тақдимотда президент томонидан аввал маълум қилинган Марказий банк ҳузурида Fintech-офис ва Инновацион хаб ташкил этиш, уларга Сингапур мутахассисларини жалб қилиш режалари ҳам келтирилган.

2030 йилгача ҳар йили 20–30 та fintech стартапни хорижий бозорларга чиқишга тайёрлаш ҳамда соҳага 1 млрд долларгача инвестиция жалб қилиш учун шароит яратиш режалаштирилмоқда.

Open Banking ва рақамли ID

Стратегиянинг алоҳида йўналиши рақамли молия инфратузилмасини яратишга бағишланган.

Open Banking — очиқ банк тизими ва очиқ API'ларни ривожлантириш режалаштирилмоқда. Улар молиявий ташкилотлар ва бошқа бозор иштирокчиларига мижоз розилиги асосида маълумотларни хавфсиз алмашиш имконини беради. Бу янги бизнес моделларининг пайдо бўлиши, рақобатнинг кучайиши ва молиявий хизматларнинг ривожланишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Марказий банк раиси Тимур Ишметов аввалроқ Open Banking жорий этилиши fintech компанияларига анъанавий банк бозорига кириб, банклар томонидан кўрсатиладиган хизматлардан айримларини таклиф қилиш имконини беришини айтган. Унинг фикрича, бундай компанияларнинг самарали фаолияти бозорда рақобат ва инновацияларни рағбатлантириши мумкин.

Бундан ташқари, мижозларни масофадан идентификация қилиш, фирибгарликнинг олдини олиш ва молиявий хизматлардан фойдаланишни соддалаштириш учун рақамли идентификация тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган.

2026–2027 йилларда рақамли ID'дан фойдаланиш бўйича пилот лойиҳаларни бошлаш, 2028–2029 йилларда эса ушбу инфратузилмани бутун молия секторига татбиқ этиш режалаштирилган.

Рақамли активлар ва сунъий интеллект

Стратегия назорат қилинадиган муҳитда реал активларни, жумладан қимматли қоғозларни токенизация қилиш бўйича тажрибалар ўтказишга имкон беради. Шунингдек, турли молиявий хизматларнинг ўзаро ишлаш механизмларини синовдан ўтказиш кўзда тутилган.

Марказий банк молия соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг устувор йўналишларини белгилаб, тегишли пилот лойиҳаларни ишга туширишни режалаштирмоқда.

Сунъий интеллект назорат фаолиятида, хусусан, молиявий жиноятларни аниқлашда ҳам қўлланиши мумкин. Стратегияда SupTech — назорат технологияларини ривожлантириш, API орқали маълумотларни автоматик йиғиш, операцион ҳодисаларни мониторинг қилиш ва молиявий ташкилотларнинг киберхавфсизлиги устидан назоратни кучайтириш назарда тутилган.

Марказий банкнинг рақамли валютаси ва трансчегаравий тўловлар

Стратегиядаги таклифлардан бири минтақавий молиявий интеграцияни ривожлантириш билан боғлиқ. Тақдимотда Марказий банкнинг улгуржи рақамли валютаси — wholesale CBDC (wCBDC) ни жорий этиш ташаббуси ҳам қайд этилган.

У минтақадаги ўзаро боғланган тўлов тизимларини ривожлантириш, трансчегаравий операцияларни соддалаштириш ва пул ўтказмалари қийматини камайтириш билан бир қаторда кўриб чиқилмоқда.

Халқаро пул ўтказмаларида комиссиялар ва валюта курслари бўйича шаффофликни ошириш, савдони молиялаштириш учун рақамли воситаларни ривожлантириш ҳам режалаштирилган.

2028–2029 йилларда минтақавий тўлов тизимларини интеграция қилиш бўйича ташаббуслар ва трансчегаравий пилот лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон минтақавий fintech хабига айланишни мақсад қилмоқда

Стратегиянинг яна бир йўналиши хорижий fintech компаниялари ва инвестицияларни жалб қилишга қаратилган.

Бунинг учун Инновацион хаб, Enterprise Uzbekistan лойиҳаси, Тошкент халқаро молия марказидан фойдаланиш, шунингдек, Silk Road Finance & Technology Forumни ўтказиш ва хорижий fintech хаблари билан ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилмоқда.

2030 йилга келиб Ўзбекистонни молиявий технологиялар соҳасида инвестициялар ва инновациялар учун минтақавий марказга айлантириш, халқаро компаниялар иштирокини кенгайтириш ва Марказий Осиёнинг молиявий интеграциясини чуқурлаштириш кўзда тутилган.

Истеъмолчиларни ҳимоя қилиш ва фирибгарликка қарши кураш

Стратегия янги молиявий хизматларни ривожлантириш билан бир қаторда мижозларни ҳимоя қилишни кучайтиришни ҳам назарда тутади.

Бутун молия секторида фирибгарликка қарши мувофиқлаштирилган тизим яратиш, кредит маҳсулотларининг шаффофлигини ошириш, кредит ахбороти тизимини такомиллаштириш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Тартибга солиш рискка йўналтирилган тамойил асосида ташкил этилиши кўзда тутилган. Бунда бозор иштирокчиларига қўйиладиган талаблар уларнинг фаолияти кўлами ва хавф даражасига қараб фарқланади. Шу билан бирга, истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши ва молиявий ташкилотларнинг хизмат шартларини мижозларга қанчалик тушунарли тарзда очиқлаши устидан назорат кучайтирилади.

Марказий банк бозорнинг асосий муаммолари сифатида нималарни кўрсатди?

Марказий банк тақдимотида стратегия орқали ҳал қилиниши керак бўлган бир қатор муаммолар қайд этилган. Улар қаторида халқаро пул ўтказмалари қамровининг чеклангани, кичик ва ўрта бизнеснинг молиялаштириш имкониятлари етарли эмаслиги, аҳолининг турли гуруҳлари ўртасида молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларидаги тафовут, рақамли хизматлар истеъмолчилари учун ортиб бораётган хавфлар ва узоқ муддатли молиялаштиришга бўлган эҳтиёж келтирилган.

Тақдимот маълумотларига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 94 фоизи интернетдан фойдаланади, рақамли тўловлардан фойдаланиш даражаси қарийб 72 фоизни ташкил этади. Масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони эса қарийб 70 фоизга ошган.

Марказий банк стратегиянинг асосий кутилаётган натижалари сифатида fintech компаниялари ва хорижий инвестициялар сонининг кўпайиши, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш имкониятларининг кенгайиши, рақамли молиявий хизматларнинг оммабоплиги ва хавфсизлигининг ошиши, трансчегаравий тўлов инфратузилмасининг ривожланиши ҳамда минтақавий интеграциянинг кучайишини кўрсатган.

Teglar

Mavzuga oid