
Марказий банк: «Humans» иши бўйича текширув ҳужжатлар ИИББга топширилди
«Humans» иловаси орқали рухсатсиз пул ечиш ҳолатлари юзасидан текширув якунланиб, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

2025 йил 9 декабр куни ижтимоий тармоқларда «Humans» мобил иловасига уланган банк карталаридан фойдаланувчилар рухсaтисиз пул маблағлари ечиб олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўша пайтда Марказий банк мазкур ҳодиса мавжудлигини расман тасдиқлаб, тегишли текширув ишлари бошланганини маълум қилган эди.
7 январ куни Марказий банк «Humans» МЧЖ билан боғлиқ ҳолат бўйича ўтказилган текширув якунлангани ва йиғилган ҳужжатлар ички ишлар идораларига тақдим этилганини билдирди. Регуляторга кўра, текширув доирасида барча мавжуд маълумотлар ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли тартибда топширилган.
Маълум қилинишича, «Humans» МЧЖга тўлов хизматларини тақдим этган «Octogram» АЖ тўлов ташкилотида Марказий банкнинг фармойиши асосида махсус ишчи гуруҳ тузилган. Ушбу гуруҳ томонидан хавфсизлик талабларига риоя этилиши ва эҳтимолий заифликлар аниқланиши юзасидан кенг қамровли текширув ўтказилган.
Текширув натижалари бўйича тайёрланган маълумотнома белгиланган тартибда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига юборилган. Ҳозирда «Humans» компанияси билан боғлиқ ҳолат мазкур идора томонидан қонунчиликка мувофиқ ўрганилмоқда. Шу муносабат билан фуқаролардан ушбу ҳодиса бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш сўралган.
Марказий банк баёнотида таъкидланишича, ҳар бир банк ва тўлов ташкилоти молиявий хизматлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва маблағлари хавфсизлигини таъминлаши шарт. Регулятор ушбу талабларга риоя этилиши доимий назоратда эканини билдирган.
Маълумот учун, ушбу воқеалардан сўнг Марказий банк ўз ваколатлари доирасида «Octogram» АЖ билан боғланиб, хавфсизликни таъминлаш мақсадида P2P амалиётларини вақтинча тўхтатиш бўйича кўрсатма берган. 9 декабр ҳолатига кўра, «Humans» мобил иловаси орқали «Octogram» АЖ томонидан амалга оширилган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.
Шунингдек, ўша куни фойдаланувчиларнинг карталаридан уларнинг рухсатисиз пул ечилгани юзасидан «Humans» ва «Paylov» расмий изоҳ беришганди. Уларнинг баёнотлари бир-бирини инкор этган эди.





