add

Humans ва Paylov бир-бирини айбламоқда

Фойдаланувчиларнинг карталаридан уларнинг рухсатисиз пул ечилгани юзасидан Humans ва Paylov расмий изоҳ беришди. Баёнотлар бир-бирини инкор этмоқда.

Humans ва Paylov бир-бирини айбламоқда

Аввалроқ 8 декабрдан бошлаб Humans'нинг фойдаланувчилари пластик карталаридан «PL Humans P2P H2H» белгиси билан номаълум равишда йирик суммалар ечиб олингани хабар қилинганди.

Бу хабарлар ортидан Humans компанияси кузатилган ҳолат бўйича изоҳ берди.

Компания баёнотига кўра, 2025 йил 4 декабрдан 8 декабргача Humans фойдаланувчиларининг бир қисми банк карталари орқали икки марта фирибгарликка учради. Жиноятчиларга рухсациз пул ечиш имконини берган заифлик Humans ҳамкори — ҳуқуқ эгаси «Octagram» АЖ бўлган Paylov тўлов хизматининг техник тизимида бўлган.

Расмий изоҳда таъкидланишича, Марказий банк ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга «Paylov инфратузилмасидаги заифликларни текшириш ва жиноятчиларни аниқлаш учун» техник материалларнинг тўлиқ тўпламини топширган.

«Жабрланганлар ҳисобига маблағларни қайтариш масаласи қонун талабларига мувофиқ ҳал этилади. Humans ушбу ҳодисани ҳал қилишнинг ягона тўғри йўли қонунда белгиланган тартибда жабрланган мижозларга етказилган зарарни тўлиқ ва очиқ-ойдин қоплаш деб ҳисоблайди», дейилади расмий баёнотида.

Humans компания расмий изоҳ берганидан бироз ўтиб эса «Octagram» АЖ (Paylov) ҳам расмий баёнот билан чиқди.

Унга кўра, «Octagram» АЖ ва «Humans Companies» АЖ ўртасида 2025 йил 10 апрел куни 32-сонли шартнома имзоланган бўлиб, унга мувофиқ «Humans Companies» АЖ «Octagram» АЖнинг агенти сифатида ўз мижозларига тўлов хизматларини (тўловлар ва P2P пул ўтказмалари) тақдим этишни бошлаган.

Аммо 2025 йил 6 декабр куни «Octagram» АЖ ходимлари томонидан «Humans Companies» АЖда шубҳали транзакциялар кузатилаётгани ҳақида ушбу компаниянинг масъул ходимлари огоҳлантирилиб, транзакциялар вақтинча тўхтатилган.

Таъкидланишича, 7 декабрда, «Humans Companies» АЖ «Octagram» АЖга расмий мурожаат йўллаб, тегишли чоралар кўрилгани ҳамда фирибгарлик (фрод) операцияларининг олди олингани ҳақида маълум қилган. Мазкур хат асосида «Humans Companies» АЖ амалиётларни қайта очиб беришни сўраган. 8 декабр ҳолатига кўра, «Octagram» АЖ томонидан Humans мобил иловаси орқали кўрсатилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.

«Шунингдек, «Octagram» АЖ томонидан ҳар қандай техник заифлик мавжуд эмаслиги, техник жиҳатдан барча зарур чоралар кўрилгани маълум қилинади. Фирибгарлик операциялари «Humans Companies» АЖ томонидан «Octagram» АЖ тақдим этган шифрланган калитлар орқали амалга оширилган бўлиб, ушбу калитларнинг тўғри ва хавфсиз сақланиши «Humans Companies» АЖ масъулияти ҳисобланади», дейилади баёнотда.

Шу билан бирга, «Octagram» АЖ бошқа ҳамкорлари тизимларида муаммо кузатилмагани ва айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тезкор текширув ишлари бошланиб, барча зарур маълумотлар масъул органларга тақдим этилаётганини ҳам маълум қилди.

Бундан ташари, HUMO тўлов тизими чет эл тўлов хизматлари провайдерлари инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда хизмат провайдерининг айрим мижозларга нисбатан амалга оширилган фирибгарлик ҳаракатлари уринишлари аниқланганини маълум қилди. Фирибгарларлар томонидан ноқонуний операцияларни амалга ошириш мақсадида чет эл тўлов хизматлари провайдерлари инфратузилмасидан фойдаланилгани таъкидланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид