Марказий банк: олти ойда сўмнинг долларга нисбатан курси ўзгармади
2026-йилнинг биринчи ярмида доллар курси 11 935–12 320 сўм оралиғида шаклланди ва ҳисобот даври якунида йил бошидаги даражада қолди. Шу билан бирга, Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг алмашув курси режимини «судралувчи»дан «сузувчи» мақомига ўзгартирди.
© Ijtimoiy tarmoqlarМарказий банкнинг 2026-йил биринчи ярим йиллиги бўйича ички валюта бозори шарҳига кўра, юридик шахсларнинг валюта таклифи, экспорт тушумлари ва халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг ортиши ички валюта бозорида алмашув курсининг нисбатан барқарор шаклланишига хизмат қилган.
Ҳисобот даврида АҚШ долларининг алмашув курси 11 935–12 320 сўм диапазонида тебранган. Ярим йил якунида эса курс 12 009 сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан деярли ўзгармаган.
Бироқ курснинг кунлик тебраниши бироз кучайган. Январь—июнь ойларида алмашув курсининг кунлик икки томонлама тебранувчанлиги 30,2 сўмни ташкил этган бўлса, ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 22,7 сўм бўлган.
ХВЖ Ўзбекистонни «сузувчи» курс режимига ўтказди
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) жорий йил июнь ойида эълон қилган IV модда бўйича ҳисоботида Ўзбекистоннинг алмашув курси режимини қайта баҳолаб, уни «судралувчи» мақомидан «сузувчи» мақомига ўзгартирди.
Қайд этилишича, ҳозирда Жанубий Корея, Янги Зеландия, Малайзия, Туркия, Таиланд, Арманистон ва Қозоғистон қаторида жами 33 та давлат сузувчи алмашув курси режимига эга.
Марказий банк бунга валюта бозори инфратузилмасининг ривожланиши, банкларнинг курс шаклланишидаги роли ортгани ҳамда бозор механизмларининг кучайгани сабаб бўлганини қайд этмоқда.
«Сузувчи» курс инфляцияни жиловлашга хизмат қилиши айтилмоқда
Ҳисоботда таъкидланишича, миллий валюта курсининг мослашувчан бўлиши инфляцион таргетлаш тизими самарадорлигини ошириш ва иқтисодиётни ташқи хатарлардан ҳимоя қилишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Марказий банк фикрича, Ўзбекистонга «сузувчи» алмашув курси мақоми берилиши макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамламлаш, инфляцияни пасайтириш ҳамда иқтисодиётнинг ташқи шокларга бардошлилигини ошириш йўлидаги ислоҳотларнинг муҳим натижаси саналади.
Марказий банк валюта бозорида янги ислоҳотларни режалаштирмоқда
Марказий банк жорий йил охири ва 2027-йилда ички валюта бозорини ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Хусусан, регулятор валюта бозоридаги операцияларни рискка асосланган стратегия асосида амалга оширишни йўлга қўйиш, маркет-мейкерлик институтини ривожлантириш ва банкларнинг алмашув курси шаклланишидаги ролини янада оширишни режалаштирган.
Шунингдек, савдо инфратузилмасини, ҳисоб-китоб ва клиринг тизимларини такомиллаштириш ҳамда валюта хатарларини хеджирлаш бўйича ҳуқуқий ва институционал базани мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Vaqt.uz аввалроқ Фискал стратегияга таяниб, Ўзбекистонда сўмнинг АҚШ долларига нисбатан ўртача курси қандай бўлишини ўрганганди.





