
Медиаторлар учун касб этикаси қоидалари тасдиқланди
Медиация соҳасида фаолият юритувчи мутахассислар учун ягона ахлоқий меъёрлар расман жорий этилди.

Ўзбекистонда медиаторларнинг касб этикаси қоидалари тасдиқланиб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Мазкур ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 5 январ куни 3741-рақам билан рўйхатга олинган. Қоидалар медиация институтида касбий стандартларни шакллантириш ва унинг нуфузини оширишга қаратилган.
Ҳужжатга мувофиқ, медиаторлар касб этикаси қоидаларига қатъий риоя қилиши, ўз фаолиятини ҳалол ва виждонан амалга ошириши шарт. Шунингдек, улар медиаторлик касбининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини сақлаши лозим.
Қоидаларда медиаторлик фаолиятининг асосий принциплари ҳам белгилаб берилган. Улар қаторига махфийлик, ихтиёрийлик, медиация тарафларининг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, шунингдек, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги киради. Медиаторлар ушбу принциплар асосида иш олиб бориши ҳамда тарафлар учун адолатли муҳит яратиши шарт.
Бундан ташқари, медиаторлар медиация жараёнида иштирок этувчи тарафларнинг тенг имкониятларга эга бўлишини таъминлаши лозим. Бу низони ҳал этишда бир томонга устунлик берилишининг олдини олишга қаратилган.
Медиация тарафлари билан муносабатларда ҳам аниқ талаблар белгиланди. Жумладан, медиаторлар тарафларга медиациянинг мақсади, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, жараённи ўтказиш тартиби ҳақида тўлиқ маълумот бериши шарт. Шунингдек, ўз касбий малакаси ва иш тажрибаси тўғрисида ишончли ахборот тақдим этиши лозим.
Қоидаларга кўра, медиаторлар тарафларга нисбатан ҳурмат ва хушмуомалалик кўрсатиши, уларни низони ҳал қилишнинг мақбул вариантларини излашга ундаши керак. Энг муҳими, музокаралар натижасини муайян бир тараф фойдасига йўналтириб олиб бориш қатъиян тақиқланади.
Маълумот учун, медиатор — бу воситачи, яъни икки томон ўртасида келишувга ёрдам берадиган шахс. У жанжал ёки келишмовчилик бўлган томонларни тинглайди. Ҳар икки томонга ҳам бетараф бўлади. Муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга ёрдам беради. Қонунчиликка кўра, медиаторнинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкин.





