
Мигрантлар учун «Passport-Visa» мобил иловаси ишга тушади
Янги илова миграция хизматларини онлайн шаклга ўтказиб, жараёнларнинг тез ва шаффоф бўлишини таъминлашни кўзда тутади.

Ўзбекистонда миграция хизматларини рақамлаштириш доирасида яна бир муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда. Президент қарорига мувофиқ, ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини сифат жиҳатидан яхшилаш мақсадида «Passport-Visa» мобил иловаси ишлаб чиқилади. Иловани 2026 йил 1 августга қадар тайёрлаш вазифаси белгиланган.
Илова имкониятлари
Қарорга биноан, Ички ишлар вазирлиги миграция ва шахсни идентификациялаш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда онлайн ҳуқуқий маслаҳатлар бериш имкониятини яратади. Фуқаролар янги мобил илова орқали кам юкламали миграция бўлинмалари ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлади. Илованинг ўзи Паспорт-виза автоматлаштирилган ахборот тизими мажмуасининг таркибий қисмига айланади.
Шунингдек, миграция хизматларини кўрсатишда шахсни масофадан туриб аниқлаш ва учинчи шахслар розилигини олиш учун «E-Rozilik» платформасини ишга тушириш режалаштирилган. Бу жараёнлар Паспорт-виза мажмуасининг Face ID модули орқали амалга оширилади, бу эса инсон омилини камайтиришга хизмат қилади.
Қачон ишга туширилади?
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб, фуқаролар хорижда истиқомат қилаётган ватандошлари ва уларнинг оила аъзолари учун мамлакатга таклиф қилиш ҳужжатларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, фуқаролиги бўлмаган шахслар биометрик йўл ҳужжати учун онлайн мурожаат қилишлари мумкин.
Йил якунига қадар Шахсни идентификациялаш маркази маълумотлар базасини Паспорт-виза мажмуаси билан интеграция қилиш ҳам белгиланган. Шу билан бирга, миграция соҳасида шахсга доир маълумотларни жамлаш учун Ягона рақамли миграция платформаси яратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция департаментига Ўзбекистонга электрон виза билан кирган хорижликлар визасини 30 кунгача узайтириш ҳуқуқи берилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистоннинг 4 та ҳудудида Миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имкониятига эга «Ақлли» шохобчалар ташкил этилади.





