
4 та ҳудудда «Ақлли» миграция шохобчалари ташкил этилади
Миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имконияти яратилган, сунъий интеллект асосидаги шохобчалар ташкил қилинади.

Ўзбекистонда миграция хизматларини рақамлаштириш янги босқичга кўтарилмоқда. 2026 йил 19 январда қабул қилинган Президентнинг ПҚ–14-сон қарорига мувофиқ, миграция ва персоналлаштириш соҳасида сунъий интеллектга асосланган «Ақлли» хизматлар жорий этилади.
Қарорга биноан, 2026 йил 1 майдан эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида биттадан туман ёки шаҳар миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида «Ақлли» миграция шохобчалари ташкил этилади. Ушбу шохобчаларда фуқаролар навбат кутишсиз, рақамли интерфейс орқали хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлади.
Дастлабки босқичда «Ақлли» миграция шохобчаларида белгиланган давлат хизматлари кўрсатилади. Кейинчалик эса, Ички ишлар вазирлиги томонидан ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имкониятига эга хизматлар турлари босқичма-босқич кенгайтирилади. Бу жараён хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва маъмурий харажатларни қисқартиришга қаратилган.
Шунингдек, чет эл фуқароларига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни расмийлаштириш ҳам мазкур идоралар зиммасига юкланади. Бу эса меҳнат миграциясини тартибга солишда муҳим қадам ҳисобланади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 сентябрдан талабалар ётоқхонасига жойлашиш шартномаси тузилиши билан бир вақтда уларни турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартиби жорий этилади.
Аввалроқ, 2026 йил 1 майдан Миграция ва персоналлаштириш департаменти ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларига электрон кириш визаси асосида мамлакатга кирган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг визаларини бир марта 30 кунгача узайтириш ваколати берилиши ҳақида хабар бергандик.





