add

«Мирзиёев ҳам залда шуғулланади»: Тоқаев президентлар жисмоний ҳолати ҳақида фикр билдирди

05.01.2026 | 12:162 daqiqa

Қозоғистон раҳбари давлат етакчиларининг кундалик жисмоний фаоллиги ва саломатликка ёндашуви ҳақида фикр билдирди.

«Мирзиёев ҳам залда шуғулланади»: Тоқаев президентлар жисмоний ҳолати ҳақида фикр билдирди

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев давлат раҳбарлари ўртасида жисмоний фаоллик ва соғлом турмуш тарзига муносабат юқори эканини таъкидлади. Унинг айтишича, етакчиларнинг кўпчилиги мунтазам равишда спорт билан шуғулланади ва ўз саломатлигига жиддий эътибор қаратмоқда.

«Turkistan» газетасига берган интервюсида Тоқаев ўз соғлиғи ҳақида ҳам тўхталиб ўтди: «Соғлиғимдан шикоят қилмайман: қон босими барқарор, меъёрда. Медитациясиз кундалик ёга машғулотлари билан шуғулланишга одатландим. Ҳафтада бир неча марта собиқ профессионал ўйинчи билан стол тенниси ўйнайман. Дарҳақиқат, 9 килограмм вазн йўқотдим, бу ўзимни анча яхши ҳис қилишимга ёрдам берди»

Суҳбат давомида журналист Тоқаевдан бошқа давлат раҳбарлари орасида ҳам жисмоний фаоллиги билан ажралиб турадиганлар бор-йўқлигини сўради. Президент бу саволга жавоб берар экан, қатор ҳамкасбларини мисол келтирди.

«Путин яқинда Бишкекда бўлиб ўтган норасмий тадбирда ёш дзюдочига қарши усул қўллаб, катта авлод шарафини ҳимоя қилди. Алиев (Озарбайжон президенти) ҳам жисмонан бақувват, у доимий равишда машқ қилади, Жапаров (Қирғизистон раҳбари) футбол ўйнайди. Мирзиёев яхши спорт формасида, у ҳам залда шуғулланади. Пашинян (Арманистон бош вазири) — велосипедчи. Лукашенко (Беларус раҳбари) ҳанузгача хоккей ўйнайди. Раҳмон (Тожикистон президенти) ҳам соғлиғидан шикоят қилмайди. Шундай экан, барча ҳамкасблар ажойиб формада», деди Тўқаев.

Қозоғистон президентининг фикрича, бу ҳолат давлат раҳбарлари орасида соғлом турмуш тарзи ва шахсий интизом муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади.

Teglar

Mavzuga oid