add

Мирзиёев: Тошкент 2030 йилгача 3,5 млн аҳолили мегаполисга айланади

Bugun 07:583682 daqiqa

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентни замонавий мегаполисга айлантириш режалари, аҳоли ўсиши, иқтисодий кўрсаткичлар ва шаҳар бошқарувида янги тизимлар жорий этилишини эълон қилди.

Мирзиёев: Тошкент 2030 йилгача 3,5 млн аҳолили мегаполисга айланади

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда пойтахт келгуси йилларда жадал ўсиш босқичига киришини таъкидлади. Давлат раҳбарининг маълум қилишича, Тошкентнинг доимий аҳолиси ҳар йили ўртача 100 минг кишига ортиб, 2030 йилга бориб 3,5 миллиондан ошиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, пойтахтда ялпи ҳудудий маҳсулотни 52 млрд долларга етказиш, аҳоли жон бошига даромадни қарийб икки баробар ошириб, 15 минг долларга чиқариш режалаштирилган. Президент ушбу мақсадларга эришиш учун шаҳар раҳбарияти, туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари замонавий мегаполислар тажрибаси асосида уй-жой фонди, транспорт, энергетика, таълим, тиббиёт ва сервис инфратузилмасини тубдан қайта кўриб чиқиши шартлигини қайд этди.

Шу муносабат билан дунёдаги йирик мегаполисларда ишлаган тажрибали мутахассисларни Тошкент шаҳар ҳокимига маслаҳатчи сифатида жалб этиш таклифи маъқулланди. Президент уларнинг тажрибаси асосида Тошкентни молия, илғор технологиялар, маданият ва туризм марказига айлантириш зарурлигини таъкидлади.

Охирги тўққиз йилда Тошкент иқтисодиётига 20 млрд доллардан ортиқ тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритилди, 5 мингга яқин йирик лойиҳа ишга туширилди. Аҳоли жон бошига тўғридан тўғри инвестиция ҳажми 2017 йилдаги 71 доллардан 2,2 минг долларгача ошди. Пойтахт иқтисодиёти ушбу даврда 2,5 баробар ўсиб, жорий йил якунида 27 млрд долларга етиши кутилмоқда.

Даромадлар ўсиши натижасида камбағаллик даражаси 7,3 фоиздан 1 фоизга, ишсизлик эса 4,5 фоиздан 3,5 фоизга пасаймоқда. Президент бу кўрсаткичлар Тошкентда камбағаллик ва ишсизлик табиий даражага тушаётганини англатишини таъкидлади.

Шаҳарда «тунги иқтисодиёт» жадал ривожланмоқда: тун-у кун ишлайдиган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сони 3 мингдан ошди. Сўнгги йилларда 1 мингта замонавий электробус ва автобус олиб келиниб, 168 та янги йўналиш очилди. Қўшимча 33 км метро линияси ва 21 та янги станция қурилиб, қарийб 1 млн аҳоли учун метро хизмати яқинлашди.

Экология масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент Тошкентни экологик барқарор 300 та шаҳар қаторига киритиш вазифасини қўйди. Шу мақсадда сунъий кўллар, яшил боғлар, сояли сайр кўчалари ва канал соҳилларини ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар режалаштирилган.

Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш вақти келгани қайд этилди. 2026 йилдан «маҳалла еттилиги» тўлиқ шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига ўтказилиб, KPI асосида бошқарилади ва ортиқча бюрократия қисқартирилади. 

Teglar

Mavzuga oid