Мисрга кириш визаси 1 мартдан қимматлашади

23.02.2026 | 16:152 daqiqa

Янги тарифлар Қоҳира ва Хургада орқали келувчи сайёҳларга татбиқ этилади, Шарм аш-Шайхга борувчи меҳмонлар учун «Синай муҳри» тартиби сақланади.

Мисрга кириш визаси 1 мартдан қимматлашади

Мисрга кириш визаси 1 мартдан 25 доллардан 30 долларга оширилади ва бу ўзбекистонлик сайёҳларга ҳам тааллуқли бўлади. Қарор мамлакат Туристик компаниялар ва агентликлар палатаси ҳужжатига таяниб эълон қилинди. Янги нархлар асосан Қоҳира ва Хургада аэропортлари орқали кирувчи хорижликлар учун амал қилади.

Нарх ошиши сабаби

Расмийларга кўра, тўлов миқдорининг оширилиши сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва Миср туризм бозорининг рақобатбардошлигини кучайтиришга қаратилган. Шу билан бирга, Шарм аш-Шайхга борувчи меҳмонлар учун 15 кунлик бепул «Синай муҳри» амалда қолади. Бироқ ушбу ҳудуддан ташқарига чиқишда одатий виза расмийлаштириш ва тўлов амал қилади.

Куз ойларида ҳукумат визалар нархини 45 долларгача оширишни режалаштирган эди. Мазкур қонун лойиҳаси парламент томонидан маъқулланган, аммо якунда амалиётга жорий этилмаган. Амалдаги қарор эса нисбатан юмшоқроқ шаклда қабул қилинди.

Охирги марта оширилган нарх

Миср визалар нархини охирги марта 2014 йил май ойида оширган. Ўшанда 30 кунгача бўлган бир марталик рухсатнома 15 доллардан 25 долларгача қимматлашган эди. 2017 йилда эса олти ойлик кўп марталик виза 35 доллардан 60 долларгача оширилди. Бундан ташқари, мамлакатда 700 долларлик беш йиллик кўп марталик виза ҳам мавжуд.

Статистикага кўра, 2026 йилнинг илк ойида Миср ўзбекистонликлар энг кўп ташриф буюрган давлатлардан бири бўлди. Ушбу даврда 4 585 нафар фуқаро мазкур йўналишни танлаган. Янги тарифлар туристик оқимга қандай таъсир қилиши яқин ойларда маълум бўлади.

Teglar

Mavzuga oid