
«Миялар сотилмайди»: Макрон Францияда болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни топширди
У болалар америкалик платформалар ва хитойлик алгоритмлар томонидан манипуляция қилинмаслигини айтди.

Президент Франция Эммануэл Макрон янги ўқув йили бошлангунига қадар, яъни сентабр ойидан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни топширди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Эммануэл Макроннинг айтишича, 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқи келаси ўқув йили бошланишидан олдин, яъни 2026 йил сентабр ойида кучга киради.
«Болаларимиз ва ўсмирларимизнинг мияси сотилмайди. Уларнинг ҳис-туйғулари ҳам сотилмайди ва на америкалик платформалар, на хитойлик алгоритмлар томонидан манипуляция қилинишга йўл қўйилмайди. Биз 15 ёшгача бўлган шахслар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаймиз ва ўрта мактабларимизда мобил телефонларни ҳам тақиқлашни режалаштиряпмиз. Менингча, бу аниқ қоида — ўсмирлар учун ҳам, оилалар учун ҳам, ўқитувчилар учун ҳам аниқ қоидадир», - деди Макрон видеомурожаатида.
Франциядаги мазкур тақиқ ташаббускори «Уйғониш» партияси депутати Лора Миллер ҳисобланади. Миллер интервюсида ҳукуматга аниқ чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.
«Сиз исталган туғилган санани киритиб, платформаларга кириш имкониятига эга бўлишингиз мумкин. Биз Европа Иттифоқининг рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунига (DSA) қатъий риоя қилган ҳолда, ижтимоий тармоқларга киришда ҳақиқий ёшни текшириш тизимини жорий этмоқчимиз. Бу барча нарсани ўзгартиради, чунки фойдаланувчилар ҳақиқатан ҳам 15 ёшдан катта эканини исботлашига тўғри келади», - деди у.





