
Мобил интернет тезлиги бўйича Ўзбекистон ҳатто Эрондан ортда қолди
Марказий Осиё давлатлари бўйича Қозоғистон мобил интернет тезлиги бўйича етакчилик қилмоқда.

Ўзбекистон интернет тезлиги бўйича дунё рейтингида бир неча поғона пастга тушди. Бу ҳақда Speedtest Global Index томонидан эълон қилинган рейтингда келтирилган.
Қайд этилишича, мобил интернет тезлиги бўйича Ўзбекистон 5 поғона пастлаб, 76-ўринни эгаллаган. Мамлакатда мобил интернетнинг ўртача тезлиги 51,47 Мб/с ни ташкил этмоқда.
Қозоғистон мобил интернет тезлии бўйича 48-ўринни эгаллаб турибди (тезлик 95,32 Мб/с). Қирғизистон эса Ўзбекистондан бир поғона паст — 77-ўриндан (51,13 Мб/с) жой олган.
Эрон мобил интернет тезлиги бўйича Ўзбекистондан ўзиб кетган ва 71-ўринни эгаллаб турибди (57,48 Мб/с).
Мобил интернет йўналишида дунё бўйича мутлақ етакчиликни Бирлашган Араб Амирликлари (691,76 Мб/с) ва Қатар (573,57 Мб/с) сақлаб қолмоқда.
Симли интернет: Ўзбекистон ва дунё
Симли кенг полосали интернет тезлиги бўйича Ўзбекистон аввалги ўрнига нисбатан 6 поғонага пастлаб, 83-ўриндан жой олди. Мамлакатда симли интернетнинг ўртача тезлиги 90,94 Мб/с ни ташкил қилган.
Бу йўналишда Марказий Осиё давлатларининг кўрсаткичлари қуйидагича:
Қозоғистон: 91-ўрин (85,71 Мб/с).
Қирғизистон: 92-ўрин (85,40 Мб/с).
Эрон симли интернет тезлиги (21,33 Мб/с) бўйича 137-ўринни эгаллади.
Симли интернет тезлиги бўйича дунёда Сингапур (410,06 Мб/с) биринчи ўринда қайд этилган. Кейинги ўринларни БАА ва Франция эгаллаб турибди.
Рейтингнинг энг қуйи поғоналарини эса Афғонистон (4,68 Мб/с) ва Сурия (3,82 Мб/с) ва Куба (3,82 Мб/с) давлатлар якунлаб берган.





