
Мўйноқда яна бир қудуқдан катта босимдаги газ оқими аниқланди
Устюрт минтақасидаги «Мўйноқ» кони яқинида жойлашган Шагирлик-қуйи юра 2-сонли излов қудуғида саноат миқиёсида табиий газ оқими аниқланди.
Шагирлик-қуйи юра 2-сонли излов қудуғидан олинган натижалар ҳудудда углеводород захираларини кенгайтириш истиқболини янада мустаҳкамламоқда.
Мазкур майдон Устюрт платосида жойлашган бўлиб, у Ўзбекгеофизика АЖ ҳамда Нефт ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти ДМ томонидан ўтказилган 3D сейсмик қидирув ишлари маълумотлари асосида чуқур излов бурғулашга тайёрланган.
Қудуқни бурғулаш ишлари жамият таркибида фаолият юритаётган Лойиҳа бошқарув офиси мутахассислари томонидан амалга оширилди. Ушбу офис давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, хориждаги замонавий нефт-газ компанияларида тажриба орттирган, юқори малакали кадрлардан шакллантирилган.
2026 йил 10 январ куни қудуқ 5265 метр чуқурликкача бурғулаб тушилди. Қуйи юра қатламларида, аниқроғи 5265–5061 метр оралиғида табиий газ уйумлари мавжудлиги геологик ва технологик ўлчовлар орқали тасдиқланди. Мутахассислар газ оқимининг барқарорлиги ва босим кўрсаткичларини саноат талабларига жавоб беради, деб баҳоламоқда.
Олинган натижалар қуйи юра қатламларининг геологик тузилишини чуқурроқ ўрганиш зарурлигини кўрсатди. Шу муносабат билан майдонда 3 ва 4-сонли навбатдаги излов-қидирув қудуқларини бурғулаш режалаштирилган. Бу ишлар газ уйумларининг тарқалиш чегарасини аниқлаш ҳамда захираларни баҳолашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз 12 декабр куни ҳам Мўйноқ туманида юқори босимли кон аниқланган эди.





