«Click» тўққиз ойда 275,7 млрд сўм соф фойда олди
Компания тушуми 30,8 фоизга ўсганига қарамай, тўққиз ойлик соф фойда кўрсаткичи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 млрд 857 млн сўмга камайган.

«Click» компанияси 2026-йилнинг январ–сентябр ойлари якунларига кўра 275 млрд 709 млн сўм соф фойда кўрди. Бу ҳақда «Click»нинг 2026-йил учинчи чорак якунлари бўйича ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳисоботга кўра, компаниянинг соф тушуми жорий даврда 30,8 фоизга ўсиб, 657 млрд 532 млн сўмга етган. Таққослаш учун, 2025-йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 502,5 млрд сўмни, соф фойда эса 282 млрд 566 млн сўмни ташкил этган эди.
Солиқ ва операцион харажатларнинг кескин ўсиши
Компаниянинг асосий фаолиятдан олинган фойдаси 14,7 фоизга ошиб, 312,3 млрд сўмни ташкил қилган. Бироқ, харажатлар тушумга нисбатан тезроқ ўсиш динамикасини кўрсатган.
Асосий фаолиятдан олинган фойданинг
тушумдаги улуши 54,2 фоиздан 47,5 фоизгача пасайган.
Жумладан, давр харажатлари 50 фоизга ошиб, 345,3 млрд сўмга етди. Уларнинг асосий қисмини (289,4 млрд сўм) бошқа операцион харажатлар ташкил қилган (ўтган йили бу кўрсаткич 189,1 млрд сўм эди).
Шунингдек, сотиш харажатлари 26,3 фоизга ўсиб, 47,4 млрд сўмни, маъмурий харажатлар эса 2,4 баробарга ўсиб, 8,6 млрд сўмни ташкил этган.
Солиқ тўлангунга қадар фойда 14,6 фоизга ўсиб, 324 млрд 954 млн сўмга етгани қайд этилган. Бироқ, фойда солиғи харажати ўтган йилги 0,9 млрд сўмдан 49,2 млрд сўмгача — 54,8 баробарга кескин ошди.
Мазкур ҳолат «Click»нинг 2026-йил 1-апрелдан бошлаб «IT Park» резиденти мақомини йўқотгани ва стандарт 15 фоизлик ставка бўйича фойда солиғини тўлашни бошлагани билан боғлиқ.
Учинчи чорак натижалари ва активлар ҳолати
Молиявий фаолиятдан жами 14,9 млрд сўм даромад олинган бўлиб, шундан 14,7 млрд сўми фоиз даромадлари ҳиссасига тўғри келади. Молиявий харажатлар эса 2,9 млрд сўмдан 2,2 млрд сўмгача камайган.
Ярим йиллик ва тўққиз ойлик ҳисоботлар асосида ҳисоб-китоб қилинганда, учинчи чоракнинг ўзида «Click» тахминан 219,9 млрд сўм тушум ва 125,7 млрд сўм соф фойда олгани ойдинлашади. (Ўтган йилнинг шу чорагида тушум 149,1 млрд сўмни, соф фойда эса 127,9 млрд сўмни ташкил қилган).
Активлар ва капитал ҳолати бўйича: компания активлари йил бошидагига нисбатан 13,3 фоизга ошиб, 721,4 млрд сўмга етди. Устав капитали 20 млрд сўмлигича ўзгаришсиз қолган бўлса-да, захира капитали 0,8 млрд сўмдан 33,8 млрд сўмгача кўпайган.
Тақсимланмаган фойда 22,4 фоизга ошиб, 416,6 млрд сўмга етган. Йил бошидаги қолдиқ ва жорий фойдани ҳисобга олганда, давр мобайнида тақсимланмаган фойданинг 199,6 млрд сўми ишлатилган ва шундан 33 млрд сўми захира капиталига йўналтирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025-йилда «Click» компаниясининг соф фойдаси 27 фоизга ўсиб, 376 млрд сўмни ташкил қилганди.





