Мустақилликдан бери жон бошига даромад ўсди, лекин глобал ўрин ўзгармади
34 йилдан буён Ўзбекистонда жон бошига номинал даромад бир неча баробaргa ошганига қарамасдан, дунёдаги позиция деярли ўзгармаган.

Мустақилликдан буён Ўзбекистоннинг жон бошига номинал даромад бўйича дунёдаги позицияси деярли ўзгармаган. Сўнгги 34 йиллик динамика мамлакатнинг глобал даромад рейтингидаги ўрни кескин сакрашсиз, нисбатан барқарор шаклланганини кўрсатади.

Иқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлилига кўра, 1991 йилда Ўзбекистон жон бошига даромад бўйича 49 та мамлакатдан юқори ўринда бўлган. 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 51 тага етган. Яъни, 1991 йилда Ўзбекистон дунё давлатларининг 26 фоизига нисбатан бойроқ бўлган бўлса, 2024 йилда бу улуш 27 фоизни ташкил этган. Ҳисоб-китобларда жон бошига даромад бўйича маълумот мавжуд бўлмаган давлатлар чиқариб ташланган.
Минтақавий кесимда сезиларли тафовут кузатилади. Шарқий ва Жанубий-Шарқий Осиё давлатларига нисбатан Ўзбекистоннинг ўсиш суръати секинроқ бўлган. Натижада ушбу ҳудуддаги аксарият мамлакатлар даромад даражаси бўйича Ўзбекистондан ўзиб кетган.
Аксинча, Африка давлатларининг кўпчилигига нисбатан мамлакатимиз тезроқ ўсган.
Собиқ иттифоқ мамлакатлари билан солиштирилганда ҳам позиция ёмонлашган. 1991 йилда Ўзбекистон Қирғизистон, Тожикистон ва Арманистондан бойроқ бўлган. 2024 йилга келиб эса мамлакат фақат Қирғизистон ва Тожикистондан юқори даромад даражасини сақлаб қолган.
2030 йилда позиция қандай бўлади?

Халқаро валюта жамғармаси прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон жон бошига номинал даромад бўйича 58 та давлатдан юқори ўринни эгаллайди. Таqqослаш учун, 2024 йилда бу кўрсаткич 55 та давлатни ташкил этган. Жаҳон банки маълумотлари билан айрим тафовутлар мавжуд бўлиб, бу фарқ айрим мамлакатлар бўйича статистиканинг мавжуд эмаслиги билан изоҳланади.
Прогнозларга кўра, 2030 йилгача Ўзбекистон даромад даражаси бўйича Миср, Эрон, Гондурас, Эсватини, Тунис ва Вануату каби давлатларни ортда қолдиради. Шунингдек, ушбу давр мобайнида бирорта ҳам давлат Ўзбекистонни даромад кўрсаткичи бўйича қувиб ўта олмайди.
Ҳозирги ўсиш суръатлари сақланиб қолган тақдирда, Қирғизистон 2027–2028 йилларда жон бошига номинал даромад бўйича Ўзбекистондан ўзиб кетиши мумкин. Қирғизистон бўйича Халқаро валюта жамғармаси прогнозлари нисбатан консерватив экани қайд этилади.





