Нақд пулдан воз кечаётган ўзбекистонликлар, закот, фитр ва фидя миқдори ҳамда таъмирланадиган Тошкент кўчалари — 17 феврал дайжести

17.02.2026 | 23:473 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Нақд пулдан воз кечаётган ўзбекистонликлар, закот, фитр ва фидя миқдори ҳамда таъмирланадиган Тошкент кўчалари — 17 феврал дайжести

Ўзбекистонликлар нақд пулдан кўра кўпроқ карта ишлатишни афзал кўрмоқда

Марказий банк шарҳига кўра, 2025 йилда банк карталарига 1,5 квдрлн сўм маблағ кирим қилинган бўлиб, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 1,4 баробарга ошган. Банкларга тушган умумий пул тушумларида терминаллар ва мобил иловалар улуши 43 фоизга етган, савдо ва хизматлар соҳасидаги терминал тушумлари эса ўтган йилга қараганда 4 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, банк карталаридаги маблағларни нақдлаштириш улуши охирги икки йил билан солиштирилганда 5 фоизга камайган.

2025 йилда банклар томонидан чиқарилган нақд пуллар ҳажми 25 фоизга ошиб, 635 трлн сўмни ташкил этган бўлса-да, аҳоли нақд пулдан кўра кўпроқ карта ишлатишни афзал кўрмоқда. Муомаладаги нақд пуллар миқдори 68 трлн сўмга, умумий пул массаси эса 379 трлн сўмга етган. Шунингдек, йил давомида аҳоли қўлидаги 100 000 сўмлик банкнотлар улуши сезиларли қисқариб, 200 000 сўмлик пуллар улуши ошгани кузатилган.

Тошкентда 816 минг кв метр йўл таъмирланади

Март ойининг биринчи ўн кунлигидан бошлаб Тошкент шаҳри йўлларининг 816 минг 23 метр квадрат қисми қайта таъмирланади. Ҳокимликка кўра, кучли ёғингарчилик, кимёвий моддалар ва йўлларнинг эскиргани сабаб ёриқларга кирган намлик йўл қопламасининг емирилишига ва чуқурлар пайдо бўлишига олиб келган.

Таъмирлаш режалаштирилган ҳудудлар:

Бектемир — 53 160 м²;

Мирзо Улуғбек – 50 471 м²;

Миробод – 52 287 м²;

Олмазор – 48 087 м²;

Сергели – 50 529 м²;

Учтепа – 50 000 м²;

Чилонзор – 54 000 м²;

Шайхонтоҳур – 51 182 м²;

Юнусобод – 47 546 м²;

Яккасарой – 51 000 м²;

Янгиҳаёт – 51 000 м²;

Яшнобод – 50 411 м².

Марказий кўчалар (ихтисослаштирилган бошқарма тасарруфида) – 206 350 м².

Рамазон олдидан кафе ва ресторанлар огоҳлантирилди

Рақобат қўмитаси Рамазон ойи олдидан умумий овқатланиш корхоналарини истеъмолчиларнинг эркин танлов ҳуқуқларини чекламаслик бўйича огоҳлантирди. Айрим кафе ва ресторанларда «акция сетлар» (мажбурий комплекс таомлар) жорий этилиши ва минимал нархлар белгиланиши амалдаги қонунчиликка зид эканлиги таъкидланди. Қонунга кўра, сотувчи истеъмолчини қўшимча товар ёки хизматни сотиб олишга мажбурлашга, шунингдек, мижознинг таомномадаги бошқа таомларни танлаш ҳуқуқини чеклашга ҳақли эмас.

Шу билан бирга, қўмита овқатланиш шохобчаларидан истеъмолчилар соғлиғига зарар етказувчи ёки аллергия қўзғатувчи маҳсулотларни тўпламлар таркибида сотишдан тийилишни талаб қилди. Ушбу тартибларга риоя қилмаган ва истеъмолчи ҳуқуқларини бузган тадбиркорларга нисбатан белгиланган тартибда таъсир чоралари кўрилиши маълум қилинди. Аввалроқ худди шундай огоҳлантириш савдо тармоқларига нархларни асоссиз оширмаслик юзасидан ҳам берилган эди.

Рамазон-2026: Закот, фитр ва фидя нархлари маълум бўлди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 2026 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдорларини эълон қилди. Унга кўра, закот нисоби 85 грамм тилланинг қийматидан келиб чиқиб 100 миллион сўм этиб белгиланди ва ушбу миқдорга эга бўлган шахслар маблағининг 2,5 фоизини закот сифатида бериши фарз ҳисобланади.

Фитр садақаси ва фидя миқдори беш хил маҳсулотнинг бозордаги қийматига қараб белгиланди: буғдой учун 10 минг сўм, буғдой уни учун 12 минг сўм, арпа учун 20 минг сўм, майиз учун 110 минг сўм ва хурмо учун 200 минг сўм. Ҳар бир фуқаро ўз моддий имкониятидан келиб чиқиб, ушбу маҳсулотлардан бирини ёки унинг қийматини фитр садақаси ёхуд фидя ниятида бериши мумкин.

Президент администрациясидан вазирликка

Ҳилола Умарованинг Президент администрацияси раҳбари ўринбосари лавозимидан олиниб, Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари — Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори этиб тайинлангани маълум қилинди.

Умарова администрациядаги фаолиятини атиги 217 кун давом эттирган бўлиб, унинг лавозимдан олиниш сабаблари очиқланмаган; бу ўзгариш таълим тизимидаги навбатдаги ротация ёки янги ислоҳотлар босқичи экани борасидаги саволлар очиқ қолмоқда

Умарованинг аввалги вазирлик даври (2022–2025 йиллар) "Вазир жамғармаси"нинг ташкил этилиши ва халқаро грантлар асосида инклюзив мактаблар қурилиши каби ижобий натижалар, шу билан бирга, соҳадаги мажбурий меҳнат ва ўқитувчилар ҳуқуқлари билан боғлиқ танқидлар билан эсда қолган. Эътиборли жиҳати, у ўзидан аввалги вазир Эъзозхон Каримова эгаллаб келган — вазир ўринбосари ва ректорлик бирлаштирилган лавозимга қайтди.

Teglar

Mavzuga oid