Logo

Насия савдо ва кредит рекламаларида товарнинг якуний нархини кўрсатиш мажбурий бўлади

Bugun 09:001 daqiqa

Молиявий хизматлар ва насия савдо рекламаларида чалғитувчи ваъдалар бериш чекланмоқда.

Насия савдо ва кредит рекламаларида товарнинг якуний нархини кўрсатиш мажбурий бўлади

Ўзбекистонда жисмоний шахсларга мўлжалланган кредит, муддатли тўлов ёки насия савдога оид ҳар қандай рекламада товарнинг (ишнинг, хизматнинг) жорий қийматига нисбатан қанча сумма қўшиб тўланиши ва унинг якуний қиймати аниқ кўрсатилиши шарт этиб белгиланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15 июлдаги ПҚ-265-сон қарорида маълум қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Марказий банк манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 сентябрга қадар ушбу талабларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган.

Молиявий хизматлар рекламасидаги чекловлар

Шунингдек, янги тартибга кўра, молиявий хизматлар рекламаси ёки улар ҳақидаги реклама тарзидаги ахборотда келгусидаги самарадорлик кафолатларига чеклов ўрнатилади. Агар тегишли шартнома тузилаётган пайтда аниқлаш мумкин бўлмаса, реклама қилинаётган хизматларнинг келгусидаги фойдаси ёки самарадорлиги ҳақида кафолатлар ва ваъдалар беришга йўл қўйилмайди.

Аввалрок, Президент қарори билан 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб мобил алоқа воситалари орқали SMS-хабарномалар йўли билан товар ва хизматларни реклама қилиш фақат шахснинг ёзма ёки электрон розилиги билан амалга оширилиши белгилангани ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid